Ишсиз ёшлар билан очиқ мулоқот: Вилоят ҳокими ўринбосари олис маҳаллада яшовчи ёшларнинг муаммоларини тинглади
Ургут тумани Мангитобод маҳалласида вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов иштирокида ишсиз ёшлар билан очиқ мулоқот тарзида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувдан кўзланган асосий мақсад ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, доимий даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини оширишдан иборат бўлди.
Очиқ мулоқот давомида Р.Қобилов ёшларни иш билан таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, замонавий ва талаб юқори бўлган йўналишларга йўналтириш, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш масалаларини атрофлича муҳокама қилди. Хусусан, ёшлар ўртасида ўз бизнесини бошлаш истагида бўлганлар учун яратилаётган шарт-шароитлар, имтиёзли кредитлар, субсидия ва грант дастурлари ҳақида батафсил маълумотлар берди.
Шунингдек, учрашув давомида давлат томонидан ёшлар учун амалга оширилаётган дастурлар, меҳнат бозорида мавжуд бўш иш ўринлари, касбий қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари ҳақида ҳам кенг тушунчалар тақдим этилди. Мутасадди ташкилот ва идоралар вакиллари томонидан ёшларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар берилди.
Мулоқот чоғида ёшлар томонидан билдирилган мурожаат, таклиф ва муаммолар диққат билан тингланиб, уларни ижобий ҳал этиш бўйича масъул раҳбар ва мутахассисларга тегишли кўрсатмалар берилди. Айрим масалалар жойидаёқ ҳал этилган бўлса, қолганлари назоратга олиниб, қисқа муддатда ечим топилиши белгиланди.
Учрашув якунида бундай очиқ мулоқотлар ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини тўғридан-тўғри эшитиш ва манзилли ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.