Ислом тараққиёт банки коронавирус пандемиясига қарши курашда Ўзбекистонга кўмаклашади
Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Ўзбекистонда коронавирус билан курашиш мақсадида яратилаётган янги шифохоналар учун тиббий ускуналар ва буюмларни тезкор харид қилишни молиялаштиришга 17 миллион доллар миқдоридаги маблағлар йўналтирди. Маблағлар ИТБнинг Ўзбекистондаги жорий кредит портфелидан ажратилди, дея хабар қилди Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.
Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари — Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ҳамда Ислом тараққиёт банки (ИТБ) президенти Бандар Ҳажар ўртасидаги музокаралар 8 апрель куни видеоконференция форматида бўлиб ўтди.
ИТБ коронавирус билан касалланган беморлар учун қурилаётган янги шифохоналарни жиҳозлашга инфратузилма лойиҳалари доирасида иқтисод қилинган 46 миллион долларни қайта йўналтириш орқали Ўзбекистонга қўшимча ёрдам кўрсатишга тайёр.
ИТБ президенти мазкур йўналишда банк ўзининг шўъба институтлари бўлган Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси, Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси ва бошқаларнинг имкониятларидан фойдаланиб, кўмаклашишни кенгайтиришга тайёрлигини таъкидлади.
Видеоконференция якунларига кўра, томонлар соғлиқни сақлаш тизими эҳтиёжлари ва Ўзбекистондаги кичик ва ўрта бизнес корхоналарини қўллаб-қувватлаш учун ИТБ томонидан умумий қиймати 140 миллион доллардан ортиқроқ бўлган қўшимча молиялаштиришни жалб этиш бўйича ишлашга келишиб олдилар.