Ислом тараққиёт банки - Ўзбекистондаги ислоҳотлар кўмакчиси
Юртимизда халқ манфаатларига қаратилган ислоҳотларни амалга ошириш, шаҳар ва қишлоқларимизда бунёдкорлик ишларини олиб боришда халқаро молия ташкилотлари ҳам иштирок этмоқда. Ислом тараққиёт банки (ИТБ) ана шундай ҳамкорлардан бири ҳисобланади.
1975 йилда фаолият бошлаган мазкур банкка Ислом ҳамкорлик ташкилотига қўшилган ҳар бир мамлакат аъзо бўлиш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон 2003 йилдан буён ИТБ аъзоси ҳисобланади. Ушбу халқаро молия ташкилоти юртимизда соғлиқни сақлаш, энергетика, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, мактаб ва коллежларни жиҳозлаш, автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш, давлат молия тизимида ислоҳотлар ўтказиш каби соҳалардаги лойиҳаларни молиялаштириб келмоқда.
Жумладан, қишлоқ жойларда уй-жойлар қурилишини амалга оширишда ИТБ асосий ҳамкорлардан бири ҳисобланади.
Банк ажратган маблағ ҳисобидан 2015 йилда Самарқанд вилоятида намунавий лойиҳалар асосида 355 та уй-жой қурилган эди. “Қишлоққурилишинвест” инжиниринг компанияси масъулияти чекланган жамияти Самарқанд филиалидан маълум қилишича, бу уйларнинг 100 таси Паст Дарғом тумани Кашшоф, Ҳиндибой, Гўзалкент массивларида,155 таси Оқдарё тумани Пўлатдархон ва Найманча маҳаллаларида, яна 100 таси Жомбой тумани Мойличуқур қишлоғида қурилган.
– Бизда, одатда, уй учун бошланғич тўлов тўлангач, кредит расмийлаштирилиб, “Қишлоққурилишинвест” инжиниринг компаниясига пул ўтказиб берилганидан бошлаб уй эгаси кредит фоизларини тўлаб борарди, – дейди “Қишлоққурилишбанк” Самарқанд филиали қишлоқ қурилишини кредитлаш ва мониторинг қилиш бўлими бошлиғи Шамшод Узоқов. – Ислом тараққиёт банки томонидан молиялаштирилган намунавий уйлар учун эса бошқача бўлди. Банк масъуллари уй-жой билан бирга, массивда қурилиш ишлари тўла якунланиб, коммуникация тизимлари яратилгач, фуқаролар номига кредит расмийлаштирилиши ва фоиз тўловлари тўланишини билдиришди. Албатта, биз шундай йўл тутдик. Аҳоли томонидан тўланган бошланғич тўлов ва ИТБ ажратган маблағ инжиниринг компаниясига ўтказиб берилди. Уйлар ўша йил – 2015 йилнинг ўзида қуриб битказилди. Кўплаб оилалар янги уйга кўчиб кирди. Лекин массивлардаги йўл ва бошқа инфратузилма объектлари қурилиши 2017 йил якунига қадар давом этди. Бу орада ИТБ вакиллари ҳар бир жараённи кузатиб борди, объектларга чиқиб, қурилиш ишлари билан танишди. Массивлар тўла тайёр бўлиб, фойдаланишга қабул қилингач, 2017 йил декабрь ва 2018 йил январь ойларида фуқаролар номига кредит расмийлаштирилиб, улар белгиланган имтиёзлар давридан кейин кредит фоизларини тўлай бошлади. Бу янги уйга эга бўлган юртдошларимиз учун жуда катта енгиллик, имконият бўлди.
– Бизнинг уйимиз Ислом тараққиёт банки томонидан ажратилган маблағ асосида молиялаштирилган, – дейди Оқдарё тумани Пўлатдархон маҳалласида яшовчи Д.Сулаймонов. – 2015 йилда қуриб битказилди ва ўша йилнинг август ойида кўчиб киргандим. Лекин ўша йили фақат бошланғич тўловни тўлаганмиз. Маҳалладаги барча қурилишлар тугатилиб, йўл, ирригация тизимлари қурилгач, 2018 йилдан кредит фоизларини тўлай бошладик. Уч йил бизга кредит фоизларини тўлашда яхшигина имтиёз бўлди.
Бугун мамлакатимизда ИТБ Бошқарувчилар Кенгашининг 46-йиллик йиғилиши ўз ишини бошлади. Ўзбекистоннинг мазкур халқаро молия ташкилоти билан яқин ҳамкорлиги мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади.