Исрофгарчиликнинг олдини олишга хизмат қилаётган лойиҳа

Тўй - йиллар давомида яхши ният, орзу-ҳавас билан орзуқиб кутиладиган, қавму-қариндошлар, ёру-дўстлар жам бўлиб, шоду-хуррамликда ўтказиладиган тадбир. Бироқ, маънавий қадриятимизнинг бир бўлаги, орзу-ҳавасларимизнинг кўзгуси бўлган тўйларимизнинг бугун миллий тараққиётимизга тўсиқ бўлаётган иллатга айланиб бораётгани ачинарли.

Кейингги пайтда тўй билан боғлиқ қадим анъаналаримиз қаторига айрим бемаъни урфлар, расм-русумлар ҳам қўшилдики, улар тўйларимизда ҳаддан зиёд дабдаба ва исрофгарчиликларга сабаб бўляпти.

Бу фикрларим шунчаки сафсата эмас, балки асосланган, ҳаммамиз ҳаётда кўриб, билиб турган айни ҳақиқат. Сўнгги вақтларда тўйларимиз орзу-ниятлар ушаладиган тадбирга эмас, кўпроқ тўй эгалари жамиятдаги мавқеини, бойлигини кўрсатиб қўйиш учун ташкил этилаётган тантанали маросимга ўхшаб қоляпти.

Тўй дастурхонига қўйилаётган ноз-неъматларнинг саноғи йўқ. Айрим тўйлар учун қилинаётган сарф-харажатларни эшитиб, капалагингиз учиб кетади. 300 киши таклиф қилинган тўйга санъаткорлар билан қўшиб ҳисоблаганда ўртача 150-200 миллион сўм атрофида маблағ сарфланяпти.

Ачинарлиси, дастурхонхонга қўйилган озиқ-овқат маҳсулотларининг 30 фоизи ҳам истеъмол қилинмаяпти, исрофгарчиликларга йўл қўйиляпти.  Бундан ташқари, айрим хонадонларда миллий қадриятларимизга зид равишда нон, овқат ва егуликларни чиқиндихоналарга ташлаб юбориш, мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида болалар ва ўсмирлар томонидан егуликларни исроф қилиш, нон ва нон маҳсулотлари қолдиқларини дуч келган жойга улоқтириб кетиш ҳолатлари кўплаб учраётгани кишини қаттиқ ташвишга солади.

Шу нуқтаи назардан тўйларни ихчамлаштириш, дафн маросимларини ўтказишда шухратпарастлик, меъёридан ортиқ дабдабага йўл қўймаслик, исрофгарчиликларнинг олдини олиш, халқимизнинг асрий урф-одатлари ва анъаналарига риоя қилишлик мақсадга мувофиқдир.

“Миллий тикланиш” демократик партиясининг 2025-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида бу борада бир қатор ташаббуслар илгари сурилиб, муҳим вазифалар белгилаб олинган. Партия томонидан ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида бугун аҳоли ўртасида егуликларни увол қилмаслик, исрофгарчиликларга йўл қўймасликни кенг тарғиб қилишга қаратилган “Тоза ликопча” акцияси ўтказиб келиняпти.

Акция ташкил қилинишига асосий сабаб сўнгги йилларда ер юзида кузатилаётган иқлим ўзгаришлари туфайли сув танқислиги, қурғоқчилик каби табиий ҳолатлар юзага келиб, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш тобора қийинлашиб бормоқда. Биз буни чуқур англаб, озиқ-овқат маҳсулотларини увол қилмаслигимиз, тўйда бўладими, уйда бўладими, исрофгарчиликларга йўл қўймаслигимиз лозим.

Акция доирасида мактабларда, олий ўқув юртларида, маҳаллаларда олиб борилаётган тарғибот жараёнида партия фаоллари буни аҳолига атрофлича тушунтириб, лойиҳанинг моҳиятини ҳар битта фуқарога етказмоқда.

Партиянинг мазкур лойиҳаси бугун кенг жамоатчиликка ҳар жиҳатдан манзур бўлаётгани боис, улар акцияни бир овоздан қўллаб-қувватлаб унда фаол иштирок этишини, хайрли ташаббуснинг янада кенг қулоч ёйишига муносиб ҳисса қўшишларини билдирмоқда.

Агар битта мақсад атрофида бирлашсак, ҳар қандай муаммога ечим топа оламиз. Хусусан, тўйлардаги дабдабабозликга чек қўйиб, озиқ-овқат маҳсулотлари исрофгарчилигининг олдини олишга эришамиз.

Акбар Ахтамов,

“Миллий тикланиш” демократик партияси

вилоят кенгаши раиси.