Исроил тажрибаси: 1 квадрат метр ердан 50 килограмм помидор
Аввалги мақоламизда исроилликларнинг пахтадан қандай қилиб 50 центнерлик ҳосил олиши ҳақидаги таассуротларимиз билан ўртоқлашгандик. Бу гал Исроилдаги тадбиркор иссиқхонасида етиштирилган помидор ҳақида тўхталамиз.
Бизларнинг таклифимиз асосида программага киритилган иссиқхона
4 гектар экан. Унинг эгаси араб ёки паластин. Дарвоқе, ўнлаб фирма ва компанияларда бўлган бўлсак, буларнинг ҳаммасида ҳам араблар яхудийлар билан бирга ҳеч қандай муаммосиз меҳнат қилаётганига гувоҳ бўлдик. Уларнинг ўзаро мулоқотини доимо алоҳида кузатиб юрдим. Улар гоҳ арабча, гоҳ ивритда бир бири билан мулоқот қиларди. Шунда ўйлаб қолдим: фаластин-яҳудийлар ўртасидаги нифоқ фақат сиёсатчиларнинг ўйинимикан?
Сиёсатни бир четга суриб қўяйликда, саёҳатимизни давом эттирайлик.
Хуллас, Исроил ҳудудида фаластин йигитининг иссиқхонаси фаолият юритиши ва у шу 4 гектар майдонидан ҳар йили 4 миллион доллар даромад олиши бизни қизиқтириб қўйди. Иссиқхонада иш юритилиши тўғрисида унинг эгаси бироз ахборот бергач, ичкарига кирдик. Иссиқхонанинг бутун сатҳи бўйлаб оқ сурп тўшаб ташланган, чанг йўқ. Унинг ичида махсус оёқ кийим билан юрилар экан. Дунё кўриб юрган мен учун бу ажойиб янгилик эди.
Делегация аъзоларини ҳосилдорлик қизиқтирарди. Иссиқхонада помидор, бодринг, ширин қалампир экилар экан. Ҳар бир квадрат метрнинг ҳосили 50 килограмм. 1 гектар ердан 500 тонна помидор ҳосили олади. Биз «Бир гектар ердан 10 вагон маҳсулот-а», дея ҳайратга тушдик. Расулмат ака мендан ўзимиздаги иссиқхоналарда ҳосилдорлик қандай эканлигини сўради.
кўпи билан бир квадрат метрдан 8-10 кг, дедим. Бу қадар юқори ҳосил олиш сабабини ўзим тушунтира қолдим, чунки таржима орқали ҳамма фикрни илғаб олиш қийин бўлди.
Иссиқхона аквапоника асосида ишлайди, бунинг маъноси маҳсулот етиштириш учун ишлатиладиган тупроқ бу ерда йўқ, “перлит” деган оппоқ тоғ жинси майдаланиб тупроқ ўрнида ишлатилади. Унга экилган кўчатга “Нетафим”нинг томчилатиб суғориш системаси уланган. Ҳамма микро, макро элементлар шу системадаги шланглар орқали ҳар бир туп ўсимликнинг томирига берилади. Уни қачон ва қанча беришни автоматик равишда компьютернинг ўзи белгилайди. Яъни, ўсимликни парвариш қилишда тўғридан-тўғри одам иштирок этмайди.
- Бу тушунарли бўлди, лекин барибир 10 килограмм билан 50 килограмм орасидаги фарқ кўп-да, - деди Расулмат ака.
Иссиқхона эгаси ўсимликларнинг шохланишини “детерминант” сўзлари билан тушунтирганди, мен уни соддалаштирдим. Ўсимлик шпаллерга осилиб ўсади, помидор (масалан) ҳосили шода-шода бўлиб тугади, уларнинг пишганлари йиғиштириб олинади-да, ўсимлик палаги пастга тушириб ўраб қўйилаверади, унинг ўрнига тепадан янги гуллаган, ҳосилга айланган ва пишган помидорлар келаверади. Бу узлуксиз давом этаверади, помидор палаги шу тариқа 5-10 метрга етиши мумкин. Унинг энг узун бўлиб ўсадиган навларини супердетерминант, дейишади.
Иссиқхона маҳсулоти тўлиқ Германияга экспорт қилинар экан. Мен бир дона помидорни олдимда бўйимдан баланд кўтариб арабга қарадим, “ташлайми”, деган маънода, у ҳам мақсадимни тушунди-да “ташла” деб имо қилди. Помидор қўлимдан тушиб енгил бир сакради-да бир-икки думалади, уни кўтариб қўлга олиб ҳеч бир жойи дарз кетмаганини намойиш қилдим. Бу узоқ сақланадиган ва узоқ масофага олиб боришга мослаштириб яратилган махсус нав, деб фикримни тушунтирдим. Шомурод дўстим билан Расулмат аканинг ҳайратини сўз билан ифодалаш қийин эди.
Перлит ўрнига тупроқдан фойдаланиб, коптокдек сакрамайдиган, кунлик истеъмолга мўлжалланган навлар ҳам бор, деб қўшимча қилдим.
- Ўзимизда нега шундай навлар яратилмайди, - деб қизиқди Расулмат ака.
Мен ҳамманинг олдида бу саволга жавоб бериб ўтирмадим. Кейин ўзига алоҳида тушунтирдим: “Мамлакатимиз ҳозирча дунёга ёпиқ бўлгани учун ғўза селекциясидан бошқа экинларнинг селекцияси орқада, қолоқ ҳолатда. Ҳеч ким хилма-хилликка ишлаётган эмас, балки янги қонунларимиз туфайли ва ҳозирги сафаримиз натижасида бу соҳа ҳам жонланиб қолар. Буларни ҳисоботимизда кўрсатишимизга ва шу ҳисоботимизга раҳбарларимизнинг қандай муносабат билдиришларига боғлиқ”, дедим.
Кейсария. Ўрта ер денгизининг Ливанга яқин томонида жойлашган қадимги шаҳар харобалари. Бу шаҳарни европалик салб юрувчилари Қуддусни эгаллаш учун бўлган жангларда харобага айлантирган экан. Шу харобаларнинг бошқа қисмида янги шаҳар барпо этилган. Буни бежиз айтмаяпман. Айнан Кейсариянинг сўлим гўшаларидан бирида Исроил қишлоқ хўжалиги вазири билан учрашувимиз ташкил этилганди.
Рафаэль Эйтан - Исроил бош вазирининг ўринбосари, қишлоқ хўжалиги вазири лавозимида эди ўша пайтда. У аслида ҳарбийдан чиққан йирик сиёсатчи бўлиб, бош вазирликка даъвогарликда етарли овоз олмаганлиги боис шу лавозимга тайинланган эди.
Кўринишидан важоҳатли бўлишига қарамасдан ғоятда маданиятли суҳбат олиб борди. Исроил давлатининг хўжалиги соҳасидаги ишларини юқори баҳоладик, бу фикрлар унга ёқди, албатта. У фикрларимизни бош вазирга етказишини маълум қилди. Вазирга аталган алоҳида совғаларимизни қабул қиларкан, зар тўнни кийдириш жараёнини видеога олмаслигимизни илтимос қилди. Лекин барибир озгина видеода кўриниб қолибди. Ҳукумат номидан делегация аъзоларига ҳам совғаси салмоқли эди. Қимматбаҳо “Паркер” ручкалари билан конверт совға олдик. Камтаргина зиёфат уюштиришди. Кейинги йили Ўзбекистон Президентининг ташрифига тайёргарлик ҳақида ҳам гап борди суҳбатда.
Шу билан сафаримиз якунига етди. Катта таассуротлар билан, кўп маълумотлар тўплаб Тошкентга қайтдик....
Зойир ЗИЁТОВ.
(Давоми бор)