Иссиқхонадаги помидорнинг кушандаси куя
Помидор куяси капалаклар ёки ўйиқ қанотли куялар оиласига мансуб ҳашарот. Бу куя иссиқхонада етиштирилаётган помидорнинг баргларига 73 фоиз, барг томирчалари ва пояларига 21 фоиз, гулкосабаргларига 5 фоиз ва меваларга 1 фоиз тухум қўяди. Куя билан кучли зарарланган барглар тўла нобуд бўлиб, помидорнинг ҳосилдорлигини пасайтиради ва ҳосилни 80-100 фоизгача нобуд қилиши мумкин. Зарарланиш бошлангандан 1 гектарли майдонни куя 2 ҳафтада тўла вайрон қилади.
Ҳозирда куяга қарши биологик курашишда уни аниқлаш учун дала ва иссиқхоналарга помидор куясини ўзига жалб қилувчи махсус феремон тутқичлардан фойданилмоқда. Бу орқали помидор экилган майдонларда ҳашарот борлиги аниқланиб, уларга қарши кураш чоралари қўлланилади.
Куяга қарши курашда 10 литр сувга “Аваунт”, “Такуми”, “Эмомектин бензоат” эритмалари самарали ҳисобланади. Эритмани кечки пайт ёки тунда сепиш самарадорликни оширади. Ниҳолларнинг ёши катта бўлса, эритма 1000 литр сувга мўлжаллаб тайёрланади.
Помидор куясининг зарарланмаган ҳудудларга тарқалиб кетишининг олдини олиш учун иссиқхоначилар, деҳқон ва фермер хўжалиги раҳбарлари “Агрокимёҳимоя” МЧЖ ҳамда ўсимликлар карантини ҳудудий инспекцияси мутахассислари билан биргаликда уларга қарши кураш чораларини ўтказса, бу зараркунанда тарқалишининг олди олинади.
А.ФОЗИЛОВ,
Самарқанд вилояти Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ахборот хизмати.