Жамоат тартибини сақлаш – бурчимиз
Хусусан, вилоятда жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, жиноятларнинг барвақт олдини олиш, жиноят содир этилишига олиб келаётган сабабларни бартараф этиш мақсадида барча соҳавий хизматлар, Миллий гвардия саф бўлинмалари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда жамоат тартибини сақлаш бўйича назорат олиб борилиши йўлга қўйилди.
Бу орқали ҳудудларда хизмат олиб борувчи патруль гуруҳларининг ҳодиса ва чақирув жойига тезкорлик билан етиб бориш ва зарур чора кўриш имконияти яратилди. Натижада ўтган давр мобайнида Самарқанд шаҳри бўйича жиноятчиликнинг камайишига, кўплаб жиноятларнинг барвақт олди олинишига ва қидирувда юрган шахсларни қўлга олишда сезиларли ютуқларга эришилмоқда. Содир этилган жиноятлар тезкорлик билан аниқланмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 1 октябрь куни Самарқанд шаҳри бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 6-сонли ички ишлар бўлимига Самарқанд тумани Нуробод маҳалласида яшовчи Ф.Солиев мурожаат қилиб, "Шодиёна савдо мажмуаси"да уяли телефон аппаратини номаълум шахc ўғирлаганлигини маълум қилган. Пост-патруль хизмати ходимлари И.Саидқулов, Ж.Эгамов, О.Каримов, Э.Хўжанов ва М.Қурбонбоев томонидан олиб борилган тезкор ишлар натижасида ушбу жиноятни фуқаро Р.Турдиев содир этганлиги аниқланган.
10 октябрь куни Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ 8-сонли ички ишлар бўлимига фуқаро Г.Мажитова ариза билан мурожаат қилиб, ўзи яшаб келаётган хонадонга тунда 35-40 ёшлардаги номаълум шахс ўғирликка тушишга ҳаракат қилганлиги, кейин эса қочиб кетганлигини маълум қилган. Вилоят ИИБ пост-патруль хизмати бошқармаси 4-отряд командири Ш.Рўзиев, ходимлари Э.Аҳатов, Н.Шарипов ва Миллий гвардия ходими М.Умаров томонидан олиб борилган тезкор суриштирув натижасида мазкур жиноятни фуқаро Р.Гайнединов содир этгани аниқланган ва ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан жиноят ишлари қўзғатилган.
Бошқарма томонидан халқ осойишталигини сақлаш йўлида бу каби тезкор тадбирлар мунтазам олиб борилмоқда. Келгусида ҳам жамоат тартибини сақлаш, турли жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича самарали хизмат фаолиятимизни янада кучайтирамиз.
Илҳом РАҲМОНОВ,
вилоят ИИБ ППХБ командири
ўринбосари.