Жарқўрғонда судьяларнинг омма олдида обрўсизлантирилиши ҳолати сенаторлик назоратига олинди
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинаётган Жарқўрғон туманида судьяларнинг омма олдида обрўсизлантирилганлиги, суд ходимининг эса дўппосланганлиги ҳолати Сенатнинг Сурхондарё вилоятига бириктирилган сенатори томонидан мутасаддилар иштирокида ўрганилди.
Маълумки, Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 9 июлдаги қарорида ҳаракатланиш учун махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган хизмат автотранспорт воситалари рўйхати баён этилган эди. Ушбу рўйхатга суд тизими ҳам киритилган.
Бироқ жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон тумани судининг раиси Я.Беккамов ҳамда ҳайдовчи Р.Раҳимназаров шу судга бириктирилган хизмат автотранспорт воситасида, Жарқўрғон тумани маъмурий судининг раиси Х.Раҳимова ҳамда ҳайдовчиси шу судга бириктирилган хизмат автотранспорт воситасида туман суди биноси томон ҳаракатланиб келаётганида, туман марказига кираверишда блок постда тўхтатилган ва постдан ўтказилмаган.
Шу вақтда постда бўлган туман ҳокими З.Давлатов бошчилигидаги ишчи гуруҳ постдан ўтиш учун навбат кутиб турган тирбанд фуқаролар олдида судья ва суд ходимларини обрўсизлантиришга уринган. Уларга қўполлик қилиб, автомашина калитини олиб қўйиб, суд ходимини вақтинча ушлаб туриш ҳибсхонасига қамаб қўйган.
Юқоридаги ҳолатлар бўйича суд ходимларига қасддан енгил тан жароҳати етказиш, судья ва суд ходимларини обрўсизлантириш, судьянинг хизмат автомашинаси дахлсизлигини бузиш ва бошқа ҳолатларга қонуний баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар Сурхондарё вилояти прокуратурасига юборилган.
Мазкур ҳолатга қонуний баҳо берилиши сенаторлик назоратига олинди.
Одилжон ИМИНОВ,
Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси ўринбосари.