Жизмонсойликлар фахри
Азизлар эъзозланган юртдан қут-барака аримайди. Каттақўрғон тумани Жизмонсой қишлоғида ҳам улуғ аждодларимизнинг сўнгги манзиллари ободонлаштирилмоқда.
Бир пайтлар харобага айланган, нафақат чет элликлар, ҳатто ўзимиз ҳам номларини тузукроқ билмайдиган боболаримиз ёди бугун қадр топяпти, тарихий обидалар тикланиб, аждодларимиз хотирасига юксак эҳтиром кўрсатиляпти.
Асл исми Саййид Муҳаммад Халифа мулла Йўлдош шеъриятда Ибни Давлат тахаллуси билан ижод қилган. У диний ва дунёвий илмларни пухта эгаллаган серқирра иқтидор соҳиби бўлиб, манбаларда айтилишича, 25 га яқин китоб ёзган. Афсуски, ижод намуналари бизгача тўлиқ етиб келмаган ва етарлича ўрганилмаган. Йўлдош ота 1860-1947 йилларда яшаб, ижод қилган.
Унинг ўн бир минг мисрадан ортиқ ғазал, мухаммас, мураббаъ, рубоий ва фард жанрларини ўз ичига олган “Девон”и маълум. Асосан панд-насиҳат шаклидаги бу девонда шоирнинг ўз замонасига бўлган муносабатини акс эттирувчи ғазал ва мухаммаслар мавжуд.
Бўлиб нафсинга тобиъ, банд этарсан тушса душманни,
Сенга йўқ нафсдек душман, қила олсанг ани қил банд.
(Нафсингга қул бўлиб, душмандан ғолиб чиқишинг мумкин, аммо сен учун нафсдан кучли душман йўқ. Куч-қудратинг етса, ана шу душманни маҳв айла).
СамДУ академик лицейи ўқитувчиси, каттақўрғонлик олима Дилфуза Тошниёзова Ибни Давлат “Девон”и устида меҳнат қилди ва филология фанлари бўйича фалсафа доктори диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Энди китобхонлар бу қимматли манбадан баҳраманд бўлишлари мумкин.
Рустам Хушвақтов,
Абдусодиқ Номозов,
Каттақўрғон туманидаги 74, 75-умумий ўрта таълим мактабларининг маънавий тарғиботчилари.