Жиззахда республика ёш ижодкорларининг анъанавий Зомин семинари бошланди
Дастлаб иштирокчилар Жиззах шаҳрида тўпланди, шаҳарнинг диққатга сазовор жойлари билан танишди, Шароф Рашидов, Ҳамид Олимжон ва Зулфия ҳайкаллари пойига гулчамбар қўйиб, зиёрат қилди.
Шундан сўнг иштирокчилар Зомин туманига йўл олди.
Тумандаги “Ўриклисой” дам олиш манзилида анжуманнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда сўз олган Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид давлатимиз раҳбарининг ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, уларнинг иқтидор ва қобилиятларини ривожлантиришга катта эътибор берилаётгани ҳақида гапирди. Сўлим Ўриклисойда янгича руҳда ўтказилаётган бу галги семинарда яна янги истеъдод эгалари кашф этилишига ишонч билдирилди.
Уч кун давом этадиган семинар доирасида республикамизнинг таниқли шоирлари иштирокида давра суҳбатлари, мушоиралар, адабий жанрлар бўйича машғулотлар, маҳорат дарслари ва бошқа тадбирлар ўтказилади.
Абдужаббор ПЎЛАТОВ.