Жомбой тумани ҳокими фахрий журналистларни йўқлади

  Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Жомбой тумани ҳокими Қаюм Собиров узоқ йиллар соҳада самарали меҳнат қилган фахрий журналистлар хонадонига уларни йўқлаб борди.

  – Оммавий ахборот воситалари халқимизга ишончли, тўғри ва тезкор ахборот етказиб бериш, бунёдкорлик, ободончилик ишларидан кенг оммани хабардор қилиш, жамиятда турли иллатлар, камчиликлар урчишининг олдини олишга қаратилган фаолияти билан қадрлидир,  – деди ҳоким. – Шу маънода сизларнинг ҳаёт йўлингиз ёшлар учун ўрнак ва намуна бўла олади. Ҳеч муболаға йўқ, журналистлик касби жамият учун энг керакли касблардан биридир.

  Жомбойлик фахрий журналистлар Шокиржон Шералиев, Сулаймон Ҳусаинов, Ҳасан Султонов, Ойхумор Асадова, Гадой Мейлиев  ўз ижодий фаолиятлари, айни пайтдаги юмушлари ҳақида гапириб бердилар.

  – Касбнинг яхши-ёмони бўлмайди, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Сулаймон Ҳусайинов. – Киши фидойи бўлса, ўз ишига сидқидилдан ёндошиб, ҳалол ишласа, эл-юрт орасида ҳурмат топади. Шу билан бир қаторда, касбининг ривожланишига, демакки, жамият тараққиётига ҳам ҳисса қўшган бўлади. Тақдиримга қалам битилганидан розиман. Камтарона умрим давомида соҳага қанчалик ҳисса қўшолдим, билмайман. Аммо журналистика менга кўп нарса берди.

  Фахрийларга туман ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди.