Жомбой тумани ҳокими ва сектор раҳбарлари ёшлар билан учрашди
Тошкентда, Ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда 2019 йил 27 декабрь куни Президент ва ёшлар учрашуви ўтказилганди. Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жойларда давра суҳбатлари ўтказилмоқда.
Жомбой туманидаги 51-умумтаълим мактабида ўтган тадбирда Бешбола маҳалласида истиқомат қилаётган ёшлар туман ҳокими ва сектор раҳбарлари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имконига эга бўлди. Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш тартиби, ҳудудда спорт ва санъат тўгараклари фаолиятини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Туман ички ишлар бўлими бошлиғи С.Шавманов ҳарбийлаштирилган олий таълим муассасаларига қабул қилиш асослари юзасидан тушунча берди. Ёшлар иттифоқи туман кенгаши раиси Ф.Суяров ўтган бир йил давомида амалга оширилган ишлар, келгусидаги режалар ҳусусида гапирди. Ташкилотнинг Ёшлар масалалари агентлиги сифатида қайта ташкил этилаётгани бу борадаги имкониятларнинг янада кенгайишига хизмат қилишини қайд этди.
– Таълим сифатини ошириш, мактабларни янги, замонавий технологиялар билан таъминлаш масаласида ҳам сўз борди, – дейди ёшлар иттифоқи етакчиси М.Холсаидов. – Ўйлашимизча, тизимга ахборот-коммуникация технологияларини фаол жалб этиш керак. Тадбир ўтказилгани ҳақида фотоальбомлару ҳисоботларнинг даври ўтди. Бунинг ўрнига интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлар орқали сифатли ахборот билан таъминлаш тизими йўлга қўйилса, мақсадга мувофиқ.
47-умумтаълим мактабида ўтказилган тадбир ёшларнинг кенг доирасини қамраб олгани билан аҳамиятли бўлди. Қорамўйин маҳалласи ёшлари тадбиркорлик, бизнес юритиш, имтиёзли кредит олишда ўзлари дуч келган муаммолар ҳақида мурожаат қилди. Мактаб учун спорт зали қуриш, информатика синфхонасини комьпютер жиҳозлари билан таъминлаш борасида туман ҳокими Ҳ.Тўйчиевдан амалий ёрдам сўралди.
– Ушбу масала ҳам диққат-эътиборимизда турибди, – деди ҳоким. – Вилоят халқ таълими бошқармасидан мактабга 15 та сўнгги авлод комьпютер жамланмаси ажратилган. Тез кунда жиҳозларни мактабга келтириш ва ўрнатиш чораси кўрилади.
Тадбир давомида ёшларнинг 20 га яқин мурожаати ўрганиш учун рўйхатга олинди ва мутасаддилар бириктирилди.
***
Ҳоким ва сектор раҳбарлари фан олимпиадаларининг туман босқичи ўтказилаётган 40-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабига ҳам ташриф буюрди.
Яратилган шарт-шароитлар билан танишиш асносида мутасаддилар иқтидорли ўқувчилар ва ота-оналар билан суҳбатлашди. Тадбирни сифатли ва шаффоф ўтказиш, ҳақиқий билими бор ўқувчиларга имкон бериш зарурлиги айтилди.
– Президентимиз томонидан иқтидорли ўқувчиларга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас, – деди туман прокурори А.Турумов. – Истеъдодли ёшлар Ватанимиз эртаси учун муҳим аҳамиятга эга. Мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи ҳам кўп жиҳатдан ёшлар салоҳиятига боғлиқ. Айниқса, фан ва спорт танловларида шуни ёдда тутишимиз зарур. Зеро, келажакка хиёнат қилишга ҳеч кимннинг ҳақи йўқ.
Ташриф давомида шаффофликни таъминлаш мақсадади аудиториялар кузатув камералари билан жиҳозлангани, ўқувчиларнинг устозлари ва ота-оналарига жараённи кузатиб бориш имкони яратилгани эътироф этилди.
Жомбой тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.