Ҳоким Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлди

Aйни кунларда Самарқандда “Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт!” шиори остида тадбирлар ўтказилмоқда.

Унда таниқли шоир ва ёзувчилар, маданият ва санъат намояндалари, театр ва кино актёрлари, ўзбек эстрадаси юлдузлари иштирок этмоқда.

Жомбой туманида ҳам шундай учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бошқаруви раисининг ўринбосари Ботир Эргашев, туман ҳокими Қаюм Собиров иштирок этиб, туманда маданий-маърифий соҳада эришилаётган ютуқлар ҳақида гапирди.

– Қаюм Собировнинг ўзи ҳам адабий фаолият билан фаол шуғулланади, – деди Б.Эргашев. – Ҳозиргача унинг 4 та ҳикоя ва қиссалар тўплами нашр этилгани туманингиз ҳокимининг ўзига хос истеъдодидан далолат беради. Қ.Собировнинг ижодга бўлган катта қизиқиши, адабий тўгараклар фаолияти ривожлантиришдаги хизматларини инобатга олиб, ижодкор раҳбарни Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилишга қарор қилдик.

 Тадбирда, шунингдек шоир Ёрмамат Рустамовга ҳам Ўзбекистон Республикаси Ёзувчилар уюшмасининг аъзолик гувоҳномаси тантанали равишда топширилди.

- Бугун менинг бир неча йиллик орзуим амалга ошди, - деди Ё.Рустамов. - Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлиш касб ёки фахр эмас, балки халқ, китобхонлар олдидаги улкан масъулиятдир. Энди янада яхши ишлашимиз ва янада яхши натижаларга эришишимиз керак.

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артиста Фотима Режаметова, “Ниҳол” давлат мукофоти совриндори Ҳилола Самиеванинг чиқишлари тадбир иштирокчилари томонидан олқишлар билан кутиб олинди.