Ҳокимлар тан олди: биргина тикув машинаси билан оилани камбағалликдан чиқариб бўлмайди

Вилоят Матбуот уйида ташкил этилган бу галги анжуман бир эмас, уч туман ҳокими иштирокида, аммо бир масала юзасидан ўтказилди.

Самарқанд, Булунғур, Жомбой тумани ҳокимлари иштирокида ўтказилган анжуманда темир, ёшлар, аёллар дафтарига киритилган аҳолига кўрсатилган ёрдам, уларнинг бандлигини таъминлаш йўлида амалга оширилган ишлар юзасидан фикрлар билдирилди.

Самарқанд тумани ҳокими Н.Мавлонов, Булунғур тумани ҳокими Б.Баҳромов, Жомбой тумани ҳокими Қ.Собиров туманда ушбу масалада олиб борилган ишларга доир фактларни тақдим этар экан, уларнинг фикрларида умумий муштарак жиҳатлар ҳам бор эди.

- Дейлик, 104 та тикув машинкаси, 49 дона пишириқ печи, 22 дона мотопила, 4 дона сартарошлик ускунаси, 2 дона ноутбук ва бошқа шунга ўхшаш ускуналар тарқатиш билан аҳолини камбағалликдан чиқариш жуда қийин, - дейди Б.Баҳромов. – Уларга комплекс ёндашув лозим. Ёки ёшларга ер тарқатиб бериш билан улар бирор натижага эга бўла олмайди. Масалага ёндашувда ҳаммасини ҳисобга олиш, қизиқишлардан тортиб имкониятлари, маҳсулоти, хомашёси, харидори каби масалаларга ҳам қизиқиб кўряпмиз.

- Самарқанд тумани деҳқончилиги, томорқасидан миллионлаб даромад топаётган одамлари билан машҳур, - дейди Н.Мавлонов. – Шундай оилаларни “дафтар”даги оилаларга бириктириб қўйиш йўлини ҳам синаб кўряпмиз. Зарур моддий ёрдамлар, иш бошлайман деганга ускуналар тарқатилиши билангина оила ўзини ўнглай ололмайди, албатта.

- 11 та кичик саноат зонамиз мавжуд бўлса-да, аммо барча аҳолини тўлиқ ушбу корхоналарда ишга қамраб олишга имкон йўқ, - дейди Қ.Собиров. – Аҳолига даромад топиш манбаларини кўрсатишимиз, уларга бу масалада ёрдам беришимиз лозим. Банк қошида «Ғоялар фабрикаси» ташкил этдик ва бу орқали кичик бўлса-да, аммо кунлик даромад топиш имконига эга бўлган соҳалар ҳақида маълумотлар тайёрланди ва амалиётга татбиқ этилмоқда.

Анжуман давомида вилоят оммавий ахборот воситалари ходимлари мазкур масала бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.