Ҳокимга “етиб бориш” осонми?

Тан олайлик, бир неча йиллар аввал қийин эди, имконсиз эди. Борингки, ҳокимга етиб бордингиз ҳам дейлик, аммо бу тоифа раҳбар билан суҳбатлашиб барака топмасдингиз. Ҳокимдан тепки еган, сўкиш эшитганлар ҳақида кўпчилигимиз эшитганмиз, гувоҳ бўлганмиз.

Жомбой тумани ҳокими ўз аризасига кўра ишдан олинди — Sof.uz

Кимдир ҳокимга арз қилиб, муаммоимни ҳал қилдим, дегани ҳам жуда камёб ҳодиса эди. Прокурор, “началник”да эса чекланмаган ваколат бор эди.

Хўп, бугун вазият ўзгардими? Ўзгарди.

Ҳокимлар маҳаллага чиқа бошлаганига ҳам уч-тўрт йилча бўлиб қолди. Ҳарқалай, бу уларнинг ўзига ёқадими-йўқми, одамларни эшитяпти, бунга одатланяпти. Фуқарони қабул қилиш, хонадонига бориш ҳокимларнинг узвий ишига айланиб улгурди.

Жомбой тумани ҳокими Қаюм Собиров Шодлик маҳалласида учрашув ўтказди. Йигирма чоғли мурожаатчи ва шунча ташкилот раҳбари. 

Эрталаб соат тўққизларга яқин бошланган қабул бир соатдан ортиқ давом этмади. Чунки масъуллар ҳам шу ерда, арзчилар ҳам.

Масалан, бир отахон кўчаси бошидаги трансформаторда носозлик борлиги, электр энергиясида тез-тез узилишлар бўлаётганини маълум қилди. Ўша жойнинг ўзида соҳа раҳбари билан биргаликда отахон ўзининг кўчасига жўнатилди. Электр энергияси масъули ўн дақиқаларда муаммо нимада эканлигини билиб, вазият бўйича ҳокимнинг олдида фуқарога маълумот берди. Муаммо трансформаторда эмас, ҳаво линияларининг эскириб кетганлигида экан. Тармоқ янгиланса, электр энергиясидаги узилишлар бартараф бўлиши ва бу иш қачон амалга оширилишини маълум қилди.

Табиий ёки суюлтирилган газ, кўча ва тунги ёриткичлар, шахсий муаммолар айтилди.

Бошқа бир аёл синглиси вафот этгани ва икки нафар жияни ўзининг қарамоғида қолганини билдирди. Айни вақтда жиянлари харобароқ, нотурар жойда яшаб келаётгани, озиқ-овқати ўзининг зиммасида эканини билдирди. Катта жияни вояга етган, кичиги мактаб битирувчиси экан.

“Жияним спортга қизиқади. Соҳа бўйича ўрта-махсус таълимини олган. Тумандаги бирор мактаб ёки БЎСМда тўгаракка раҳбарлик қилиши мумкин. Шу масалада амалий ёрдам беринг” деди ҳокимга.

Ҳоким “Бўлди, фалон мактабга айтаман, жиянингизни ишга олишади” демади. Сир эмас, баъзан ҳокимларнинг гапи қонундан устунроқ туради. Шундай деса ҳам бўларди, халқ таълими бошлиғи шу ерда эди, бирор мактабда тўгаракка раҳбар бўлиши ҳам мумкин эди жиян. Ҳоким ундай қилмади. Ака-укалар ҳужжатларини олиб ўзининг қабулига келишини, улар билан суҳбатлашиб, қизиқиши, хоҳишига кўра иш тутишини билдирди. “Улар сизнинг жиянингиз бўлгани билан ўз оилангиз бор, осон эмас. Ёнимга олиб келинг, каттасига тайинли иш топишимиз, кичигининг эса таълим-тарбиясини назоратга олишимиз керак” деди Собиров.

Шу каби мурожаатлар ва муносабатлар ҳамманинг кўз ўнгида бўлди. Мурожаатчилар ҳокимнинг олдида ўзини йўқотгани йўқ. Ҳоким ҳам ҳаммага “Бўлди, бораверинг, ишингизни ҳал қилишади” демади. “Ҳаққингиз йўқ, имкониятимиз йўқ” деган гаплар ҳам бўлди.

Аслида муҳими шу. Сизни эшитишсин. Муаммоингиз ҳавода муаллақ қолмаса бўлди. Нега менга моддий ёрдам берилмаяпти, деб ўнлаб эшикларда сарсон бўлгандан кўра, нега ўша ёрдамни ололмаслигингиз сабабини билиш одамни камроқ қийнайди.

Очиғи, бу каби очиқ мулоқотларда ҳамма нарса ҳал бўлиб кетади, деган фикр, хулоса йўқ. Ҳоким масъул раҳбарга “бажар, фуқаро ҳақ” дегандан кейин ҳам муаммо ҳал этилмаслиги, мурожаатчи сарсон бўлиши мумкинлигига ишонаман. Ҳоким ҳам шу одамдан ҳозир қутулсам бўлди қабилида иш тутиши мумкин баъзида. Аммо фуқарони бир умр алдаб бўлмайди. Бугун бўлмаса, эртага ҳақ бўлган мурожаатчи масалани кўндаланг қўя олади. Ҳоким ҳам берган ваъдаси учун жавоб беришига тўғри келади. Жавоб бермаса, одамлар ишонмай қўяди. Буниси ёмон.

Тан олайлик, ҳокимларга бугун етиб бориш қийин эмас.

Исомиддин Пўлатов.