Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жомбойда фермер хўжалиги ерини 30 000 АҚШ долларига сотмоқчи бўлган шахс ушланди

Вилоят ИИБ хабарига кўра, бу ҳақда ички ишлар бошқармасига ўзига ер керак бўлган тадбиркор хабар қилган. Унинг аризасига кўра, тадбиркорлик қилиш учун ер излаб юрган вақтида, Жомбой тумани Журрият маҳалласида яшовчи ўзини фермер хўжалик раҳбари деб таништирган «Қ.В.» исмли шахс туманнинг Ҳақиқат массиви ҳудудида жойлашган фермер хўжалигининг 0.23 гектар ер майдонини олиб беришни ваъда қилган. Ерни 30 000 АҚШ долларига сотишини ва сохталаштириш орқали унинг номига ажратилганлиги тўғрисида ҳужжат тайёрлаб беришини ваъда қилган. Шу мақсадда, олдиндан 5 000 АҚШ доллари миқдорида пул сўраган.

Тадбиркор аризага асосан, Самарқанд вилоят ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими Ер ресурслари талон-торож қилинишига қарши курашиш бўлинмаси, ДХХ вилоят бошқармаси ва вилоят прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида, ўтказилган тезкор тадбир давомида, «Қ.В.» ариза муаллифидан олдиндан 5000 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.