Эронда ҳарбий устунлик борми?
Яқин Шарқ минтақасидаги турли давлатлар осмонида учувчисиз учоқлар акс этган видеолар тарқалмоқда. Таҳлилчилар Эроннинг бу қурилмалари - “Шаҳид” дрони минтақада янги хавфли тенденцияни шакллантирмоқда.
“Euronews” нашрининг ёзишича, бу ерда асосий хавф технологиянинг сифати эмас, паст нархи билан боғлиқ. Зеро, оддий ва нисбатан арзон қисмлардан йиғиладиган “Шаҳид”нинг донаси тахминан 25-40 минг еврога тушади. Дронни йўқ қилиш учун эса ҳаво мудофаа тизими баъзан миллион долларлик ракетани ишга солади. Яъни, оммавий равишда ҳавога кўтарилган ўзи учар қурилмалар ўта қиммат, замонавий ҳимоя қуролларини ҳам қийнаб қўяди.
Эрон аввалига минглаб шундай аслаҳани Россияга етказиб берди ва Украина билан урушда қандай қўлланаётганини кузатди. Энди Теҳрон шу тактикани Яқин Шарқда ҳам қўллаяпти.
“Шаҳид”нинг айрим моделлари парвоз масофаси 2500 километргача етади. Бошқача айтганда, Ўрта Ер денгизи соҳилидан Арабистон ярим оролигача бўлган манзилларни қамраб олади. Шу боис бундай дрон АҚШ ҳарбий базалари, ҳудуддаги нефтни қайта ишлаш иншоотлари ва йирик шаҳарлар учун жиддий таҳдид сифатида баҳоланмоқда.
Дарвоқе, айни хавфга қарши ягона самарали усул кўп қатламли ҳаво мудофаа тизимини яратиш экани таъкидланяпти. Украина тажрибасида электрон кураш воситалари, мобил гуруҳлар ва махсус дрон тутгичлардан фойдаланиш орқали “Шаҳид” русумли қурилмаларнинг 80 фоиздан кўпи йўқ қилинган. Президент Владимир Зеленский маълумотига кўра, Россия ҳозиргача қарийб 60 000 “Шаҳид” ишлатган. Табиий савол туғилади: Яқин Шарқ шундай оммавий ҳужумга тайёрми?