Жомбойда ҳам узум етиштирса бўларкан ёхуд бир гектар ердан 625 миллион сўм даромад
Буни Эски Жомбой маҳалласида яшовчи уста деҳқон Убайдулла Маматқулов ташкил этган “Гулнигор нурли даласи” фермер хўжалиги аъзолари исботлади.
- Туманда жами 143 гектар майдонда узум етиштирилади, - дейди Агросаноатни ривожлантириш агентлигининг тумандаги лойиҳа офиси мутахассиси Умид Ҳасанов. – Узумзорларнинг 11 гектари войишлардан иборат, яъни Олтиариқ тажрибаси асосида ҳосил олиняпти. Шу йил яна 6 гектар майдонда шу усулда узум етиштириш мақсадида ток кўчатлари ўтқазилди.
- Бир пайтлар хўжалигимизга қарашли 70 гектар майдон мавжуд эди, - дейди Убайдулла Маматқулов. – Бу ерда пахта, ғалла ва сабзавот маҳсулотлари етиштирардик. Бу бизга бироз қийинчилик туғдирди. 2015 йилдан буён фақатгина 8,5 гектар майдонда узумчилик билан шуғулланиб келяпмиз. Токлар ҳосилга киргандан кейин камроқ ердан ҳам кўпроқ даромад топса бўлишини англадик. Бироқ бунинг ўзи бўлмайди, албатта. Аввало, токларимизни Фарғона вилояти Олтиариқ тумани деҳқонлари тажрибаси асосида парваришлай бошладик. Шунингдек, ҳар бир туп токка алоҳида меҳр бердик. Дастлаб 6 навли узум етиштирган бўлсак, бугунги кунда уларнинг сафига яна 3 та, яъни Аватар, Бургуттумшуқ ва Оқ Ризамат навлари қўшилди.
Жомбойда ҳам узум етиштирса, бир гектар майдондан ўртача 625 миллион сўм даромад топса бўларкан.
Қаловини топсанг қор ҳам ёнаркан, - дейди У.Маматқулов. - Одамлар Жомбойда узум етиштириб бўлмайди, дерди. Шукурки, биз бунинг уддасидан чиқдик. Узум етиштиргандаям, гектаридан 25-30 тонна ҳосил олиб, яхшигина даромад топяпмиз.
Кейинги пайтларда маҳаллада Убайдулла Маматқуловдан ўрнак олиб, узумчилик сирларини ўрганиб, томорқасида узум етиштиришга киришаётганлар сафи кенгайиб боряпти.
Яқинда, “Гулнигор нурли даласи” фермер хўжалиги узумзорида амалий семинар ташкил этилди. Унда республикамизнинг турли ҳудудларидан мутахассислар, деҳқонлар қатнашди. Иштирокчилар орасида хатто Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлатлари вакиллари ҳам бор эди.
Эъзоза Мейлиева,
Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов.