Жомбойлик 21 фуқаро суд раисларидан масалаларини ҳал этиш чораларини сўради

Самарқанд вилоят суди раиси О.Ҳайитов ва вилоят маъмурий суди раиси Б.Диёров Жомбой тумани Халқ қабулхонасида фуқаролар билан давра суҳбати ва сайёр қабул ўтказди.

Сайёр қабулда Бешбола маҳалласида яшовчи М.Ачилова вилоят суди раисига мурожаат қилиб, турмуш ўртоғи М.Муҳаммадиевдан икки нафар фарзанди таъминоти учун алимент ундиришда ёрдам сўради. Мурожаатга жавобан вилоят О.Ҳайитов 3 кун муддат ичида алимент ундириш ҳақида суд буйруғи чиқарилиб, Мажбурий ижро бюросига ижро қилиш учун юборилишини маълум қилди.

Қабул давомида З.Ашурбоева, Г.Қаюмова, Г.Бойманованинг алимент ундириш ҳақидаги мурожаатлари қабул қилиниб, масалаларни ҳал этиш чоралари белгиланди.

Галакапа маҳалласида яшовчи А.Неъматов содир этган жинояти учун ахлоқ тузатиш ишлар жазосини ўтаётган эди. У вилоят суди раисига мурожаат қилиб, қилмишидан пушаймон бўлганлиги, тузалиш йўлига қатъий ўтганлиги, содир қилган жиноий қилмиши ва унинг ҳуқуқий оқибатларидан ўзига тегишли хулоса чиқарганлигини билдириб, жазонинг қолган қисмидан озод қилишни сўради.

Деҳқонобод маҳалласидан келган Ш.Болбеков, олмазорлик А.Турсунқулов, ғазиралик М.Йўлдошевларнинг мурожаатлари ҳам шу мазмунда бўлди.

Сайёр қабул давомида жиноят ишлари бўйича Жомбой тумани судининг сайёр суд мажлиси ташкил этилди ва мазкур мурожаатлар қаноатлантирилиб, улар жазодан шартли озод қилинди.

Қабулда қайд этилган 21 та мурожаатнинг 13 таси ижобий ҳал қилинди, 8 та мурожаат эгаларига ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Вилоят суди Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими.