Жорий йилда 7 марта йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди, шундан 4 мартаси фуқароларнинг ўлимига сабаб бўлди
Вилоят транспорт бошқармасида “Жума – йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғиботи куни” муносабати билан йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари, Самарқанд шаҳридаги йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи корхоналар раҳбарлари иштирок этди.
Вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи И.Ҳамроев ва бошқалар йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи корхоналарга тегишли транспорт воситалари томонидан 2018-2019 йиллар давомида содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари тўғрисида маълумот берди.
Таъкидланишича, ўтган йили йўловчи ташувчи автотранспорт воситалари ҳайдовчиларининг эҳтиётсизлиги, йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслиги оқибатида 36 марта йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Афсуски, шундан 9 тасида фуқароларнинг ҳалок бўлиш ҳолатлари кузатилган. Жорий йилнинг ўтган даврида эса қоидабузарликлар оқибатида 7 марта йўл-транспорт ҳодисаси келиб чиққан. Бунда ҳам 4 марта фуқароларнинг ўлими билан боғлиқ ҳолатлар рўй берган. Қолганлари оғир тан жароҳати билан шифохоналарга ётқизилган.
Тадбирда йўловчи ташувчи автобусларнинг белгиланган жадвал асосида фаолият юритмаётгани, улар ўртасида тезликни ошириш оқибатида қоидабузарликлар келиб чиқаётгани танқид қилинди. Ҳар куни ҳайдовчиларни тиббий, транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш тизими издан чиққани муҳокама этилди.
Тадбир давомида йўловчи ташувчи автобус ва таксилар фаолиятини такомиллаштириш юзасидан аниқ вазифалар белгиланди.
Шунингдек, Самарқанд шаҳрида вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳамда бир қатор ҳамкор ташкилотлар томонидан йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, пиёдалар ва болалар ўртасида профилактик тадбирларни олиб бориш, йўлда тўғри ҳаракатланиш талабларини кенг кўламда тарғиб қилишга қаратилган “Тарғибот автокарвони” ташкил этилди.
Баҳриддин Хонкелдиев.