Каттақўрғонда ЙПХ инспекторига бўйсунмаган ҳайдовчига чора кўрилди

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида йўл-патруль хизмати инспекторининг тўхташ ишорасига риоя қилмасдан кетиб қолган ҳайдовчига маъмурий баённома тузилди. Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, воқеа Каттақўрғон тумани марказининг Кадан-Хатирчи йўналишида ўтказилган навбатдаги рейд тадбирлари давомида аниқланган. Маълум қилинишича, мазкур йўлнинг қарама-қарши томонида ҳаракатланиб келаётган «Lacetti»га ЙПХ инспектори тўхташ ишорасини берган. Ҳайдовчи ички ишлар органи ходимининг қонуний талабини бажармай, ҳаракатни давом эттириб, воқеа жойидан кетиб қолган.

Ҳайдовчини шахсига аниқлик киритиш мақсадида олиб борилган тадбир натижасида ушбу ҳайдовчи Каттақўрғон тумани Мўминхўжа маҳалласида яшовчи Ш.П. эканлиги маълум бўлган. Унга нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилган.