Журналист Алишер Назар Facebook’даги саҳифасига «ўладига чиқарилиб», уйига қайтарилган чақалоқ ҳақида пост қолдирди
"Ўтган ҳафта укам оғзи қулоғида Самарқанддан телефон қилди: қиз фарзанд кўрибди! Қўшилиб қувондик. Эртаси куни хафа бўлиб телефон қилди: чақалоқ юрак пороги билан туғилганмиш… Сабр тиладик. Кейинги куни ваҳима билан телефон қилди: чақалоқ жонлантириш бўлимида эмиш. Худога илтижо қилдик. Тўртинчи куни йиғлаб телефон қилди: «ака, тақдир экан, «узилди».
– Шифохонадами ҳозир?
– Йўқ, ярим соат бурун дўхтирлар жавоб берганди. Уйга кетаяпмиз йўлда бўлмади. (Самарқанд шаҳри билан уйи ораси 60 км).
– Аҳволи оғир бўлса, нега шифохонадан олиб чиқдинг?
– Дўхтирлар «узоғи билан 1 соатларда ўлади, уйингизга олиб кетаверинг, энди иложи йўқ» деганди.
– Дўхтир бундай дейиши мумкин эмас, чақлоқни чиқаришда нима деб расмийлаштирди?
– Билмадим, менга «тилхат» ёздириб олди…
– Нима деб?
– «Боламни оғир аҳволда ўз хоҳишим билан олиб чиқиб кетяпман», деб ёздирди. «Гувоҳнома» ҳам олганимиз йўқ, исм ҳам қўймаган эдик.
Хўп, энди бунга нима дейсиз?
– Худо сенга сабр берсин! Ўзи бериб, Ўзи олибди, чораси йўқ! Биз ҳам етиб борамиз, – дедим.
Хафа бўлиб, йўлга тушдик… Ярим йўлда телефон бўлди.
– Ака, чақалоқ ўлмаган экан!!!
…Юрак пороги билан туғилди деган чақалоқ 4 кун шифохонада бўлган. Бирор марта онасига кўрсатилмаган, эмизилмаган. Тўртинчи куни «барибир ўлади» деб, ота-онасининг қўлига тутқазилиб, уйга жавоб бериб юборилган. Бола ярим йўлда «узилган»дек бўлган. Отаси йиғлаб ҳаммага телефон қилиб чиққан. Улар уйга боргунча домла чақирилган, 2-3 таси қабр қазишга киришган. Чақалоқни кўмишга тайёрлаётганда кимдир билинар-билинмас тамшанганини кўриб қолган. Шундан кейин онам (85 ёш) ташаббусни қўлга олган ва ўзининг услубида чақалоқни «силкилаб», «тирилтириб» олган. Биз борсак, қизалоқ онасини эмиб бошлаган экан.
– Дўхтирнинг падарига лаънат, – дейди онам. – Бола оч қолган. Томирига укол қилиб, ҳатто игнасини ҳам олмаган. Шу ҳолатда ўраб бериб юборган. Нечта хотинни уйда ўзим туғдириб олганман. Дўхтири шунақа бўлса, бундан кейин келинларни ўзим туғдириб оламан!
Кейинги пайтларда дўхтирларнинг калтакланаётганини эшитиб ҳайрон бўлгандим. Энди ҳаммаси тушунарли! Дарвоқе, чақалоқнинг қулоғига азон айтиб, исмини Имона қўйиб келдик. Худога шукр, ҳозирча ҳаммаси жойида", — деб ёзади Алишер Назар.