Вилоят ССБ: Нурободда оғир вазиятда қолган чақалоқ назоратга олинган

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси хабарига кўра, Нуробод туманида ҳожатхонада туғилган чақалоқнинг саломатлигини тиклаш масаласи бошқарма назоратига олинган.

Вилоят тиббиёт муассасасидан чақалоқлар бўйича етакчи мутахассислар Нуробод марказий шифохонасига юборилиб, чақалоқнинг саломатлиги текширилган. Чақалоқни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш мақсадида вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг чақалоқлар бўлимига олиб келинган.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Суҳроб Зайниев чақалоқнинг ҳолидан хабар олиб, тиббий хизмат бўйича зарур тавсияларни берган.

Таъкидланишича, ҳозирда чақалоқнинг аҳволи қониқарли ва тиббий даволаш стандартлари асосида зарур муолажалар давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, яқинда ижтимоий тармоқларда "Нурободнинг олис қишлоғида ҳожатхонада туғилган чақалоқ ҳаётини профилактика инспекторлари асраб қолишди", мазмунида хабарлар тарқалган эди. Айтилишича, соғлиғи ёмонлашиб, қишлоқ врачлик пунктига келган аёл фарзандини дунёга келтирган. Икки соат давомида чуқурликда қолиб кетган чақалоқни ички ишлар ходимлари қутқариб қолган.