Коронавирус инфекцияси онадан чақалоққа ўтадими?
Мамлакатимизда ҳомиладор ёки туққан аёллар коронавирус инфекциясига гумон қилинса, қандай йўл тутилади? Шундай ҳолатларда қаерга мурожаат қилиш керак? Уларнинг даволаниш тартиби қандай бўлади? Шу каби саволларга Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Барно Абдусаматова жавоб берди.
— Айтинг-чи, коронавирус инфекцияси онадан болага ўтадими?
— Туғруқ мураккаб жараён. Айрим юқумли касалликка чалинган оналарнинг фарзандида онадаги инфекциялар бўлмаслиги мумкин. Аммо коронавирус бутун дунё шифокорлари учун ҳам кутилмаган касаллик бўлди. Тўғри, коронавирус инфекцияси мавжуд бўлган ҳомиладор аёлдан туғилган болага инфекция ўтадими, деган савол ҳар бир аёлнинг хаёлидан ўтиши табиий. Мутахассисларнинг маълум қилишларича, янги туғилган чақалоқларда коронавирус инфекцияси ўтган ҳолатлар нисбатан кам қайд этилган. Борди-ю ушбу инфекция болага ўтган тақдирда ҳам барча ҳолатлар енгил шаклда кечган.
Касалланган ҳомиладор аёлдан туғилган чақалоқ, у туғилгандан сўнг 12-24 соат ўтгач, албатта коронавирус инфекциясига текширилади. Натижаларни тасдиқлаш учун такрорий тест 24 соатдан кейин амалга оширилади. Текширув учун биоматериал сифатида бурун-халқум ёки оғиз-халқумдан суртма олинади.
— Коронавирус инфекцияси мавжуд бўлган она ўз боласини кўкрак сути билан озиқлантириши мумкинми?
— Маълумки, она сути турли касалликларни чақирувчи вирус ва микробларга қарши курашувчи моддаларга бой бўлади. Яъни, у болада иммунитет тизимининг шаклланишида қатнашади. Ундаги иммуноглобулинлар янги туғилган чақалоқни турли инфекциялардан ҳимоя қилади, онадан болага иммунитет ўтишини таъминлайди. Шунинг учун ҳам ЖССТ коронавирус инфекцияси мавжуд бўлган онанинг саломатлик ҳолатига қараб эмизишга рухсат берилишини тавсия этади. Лекин шуни эсдан чиқармаслик керакки, вирус онадан болага ҳаво-томчи ҳамда тўғридан-тўғри мулоқот йўли орқали ўтиши мумкин.
Шу боис оналар чақалоқларни парваришлаш ва эмизиш жараёнида ниқобдан фойдаланишлари, уни ишлатишдан олдин ва кейин қўлларини яхшилаб ювишлари ҳамда хонадаги барча буюмларни хлорли эритмалар билан дезинфекциялаб туришлари шарт.