Кадастр ҳужжатлари 5 йилда янгиланадими?

- Қўшним кадастр ҳужжатини ҳар 5 йилда янгилаб туриш керак эканлигини айтди. Мен кадастр билан боғлиқ ҳужжатларимни 2015 йилда тайёрлаганман. Ҳозир буни янгилашим керакми?

А.Баширов,

Жомбой тумани. 

- Йўқ. Ҳар 5 йилда кадастрни янгилаш керак, деган ҳолат республикамиз қонунчилигида мавжуд эмас. Кадастр паспорти қуйидаги ҳолларда расмийлаштирилади ёки қайта расмийлаштирилади:

- кўчмас мулк объекти бўйича бирламчи хатлов ишлари бажарилганда;

- кўчмас мулк объектининг бир қисми бегоналаштирилганда ёки ер участкаси алоҳида бўлинганда;

- қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари хусусийлаштирилгандан сўнг уларнинг бир қисмига бўлган ҳуқуқ бошқа шахсга ўтганда;

- ер участкасининг майдони ёки чегара нуқталари ўзгарганда;

- кўчмас мулк объектининг манзилини белгилашда ёки ўзгартиришда;

- кўчмас мулк объектининг тоифаси ўзгарганда;

- ўз ер участкасида тегишли рухсатномаларни расмийлаштирмасдан қурилган бино ва иншоотлар мавжуд бўлганда.

Саволга кадастр агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси ахборот хизмати раҳбари А.Нишонов жавоб берди.