Кадастр пора аралашмайдиган соҳа бўлади(ми?)
Жорий йилда кадастр соҳасида ишлаган икки нафар ходим тамагирлик қилиб, фуқаролардан пора сўраган. Хизмат вазифасини суиистеъмол қилган ходимлар ер ажратиб беришни ваъда қилган ва жиноий жавобгарликка тортилган.
Кадастр агентлигининг Комплеанс-назорат хизмати раҳбари Б.Шамансуров бошчилигида агентликнинг вилоят бошқармаси ҳамда Давлат кадастрлари палатасининг вилоят бошқармаси бошлиқлари томонидан вилоятимизнинг тўртта туман ва шаҳарларида “Кадастр соҳасида коррупцияга йўл қўймаслик ва уни олдини олиш”га қаратилган тадбирлар ўтказилди.
Танқидий тарзда ўтказилган тадбирда соҳа ходимлари орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш, кадастр соҳасида бу иллатдан воз кечиш кераклиги борасида тушунчалар берилди.
Тизимда коррупцияга қарши курашишни янада кучайтириш учун пора таклиф этган шахсни фош этишда ташаббус кўрсатган ходимни моддий рағбатлантириш чоралари ишлаб чиқилди. Бу тизим Тошкент вилоятида биринчи бўлиб ўз натижасини кўрсатди.
“Бу каби ташаббус кўрсатган ходимлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, қонун ҳимоясига олинади”, дейилди тадбирда.
Давлат кадастрлари палатасининг вилоят бошқармаси ахборот хизмати.