Кадастр хизмати хусусий секторга ўтказилади

Бу ҳақда Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармаси иштирокида ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди. 

Соҳа мутасаддилари “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги Қонун ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш вақтида юзага келадиган низоларни судга қадар ҳал қилиш тартиблари тушунтириб берди.

- Вазирлар Маҳкамасининг "Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни кенг жалб этиш доирасида кадастр соҳасида давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги низомига кўра, хусусий кадастр хизмати билан шуғулланиш 2023 йил 1 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳри, Тошкент, Навоий, Наманган, Фарғона ва Хоразм вилоятларида, 2024 йил 1 июлдан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида жорий этилади, - дейди Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи Алишер Холмонов. – Бунинг учун мазкур соҳада кўп йиллар ишлаган мутахассислар, жумладан, геодезия, картография ва кадастр, бино ва иншоотлар қурилиши, қурилиш экспертизаси, кўчмас мулк экспертизаси, архитектура, ер тузиш ва ер кадастри йўналишлари бўйича олий маълумотга эга муҳандислар фаолиятини бошлаши учун малака имтиҳонидан ўтиб, малака сертификатга эга бўлишлари лозим. Ёки иш стажига эга бўлмаган мутахассислар касбий қайта тайёрлаш курслари бўйича таълим олиши лозим.