Самарқандда ўзбошимчалик билан эгалланган 425 мингдан ортиқ ер участкаси бор

Ҳозирги кунда ҳуқуқий ҳужжатлари йўқ ёки тўлиқ бўлмаган, ер участкасидан узоқ йиллар давомида фойдаланиб келинаётган ёки ерга бўлган ҳуқуқларни расмийлаштириш масаласи ер эгасига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра охирига етмаган ер участкалари мавжуд.

Шунингдек, мулк ҳужжатларини расмийлаштириш, яъни, мерос олиш, кимгадир ҳадя қилиш, бошқа бировга сотиш бўйича ҳам муаммолар ечимсиз қолиш ҳолатлари ҳам етарлича. Тадбиркорларда ҳам ерга эгалик масаласида ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар талайгина.

Бугун, 8 ноябрдан ана шундай муаммоларнинг ечим сифатида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонларига қурилган кўчмас мулк объектларини аниқлаш бўйича хатлов бошланади. Вилоят матбуот уйида Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси масъуллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида шулар тўғрисида маълумот берилди.

-  Ҳозиргача ҳуқуқларни эътироф этиш масаласида жами 5 марта “акция” эълон қилинган, - дейди Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Яшнар Давронов. - Ўрганишларга кўра, ҳозирда ҳуқуқий ҳужжатлари йўқ ёки тўлиқ бўлмаган 487 мингдан ортиқ ер участкаси мавжуд. Агар уларнинг ҳар бири ўртача 3-4 нафардан фуқаро ва тадбиркорга дахлдор бўлса, бу қонун 1,5 миллиондан зиёд аҳолининг муаммосини ҳал қилади, дегани. Энди улар йиллар давомида ўзларига тегишли бўлиб келган ер участкалари ва уларда қурилган биноларни қонунийлаштириб олишлари мумкин бўлади.

Жорий йилнинг 5 август куни Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонун ана шундай минглаб, миллионлаб юртдошларимиз кутаётган ҳуқуқий асос бўлди. Аммо жараён кўпчилик кутаётганидек тез ва бирданига амалга ошиб қолмайди. Қонун билан ҳужжатсиз ер ва бино-иншоотларни қонунийлаштиришнинг тартиб-тамойиллари белгиланган. Янги қонун билан 8 ҳолатдаги ер участкаларига ва улардаги бинолар учун ҳуқуқларни расмийлаштиришга имконият яратилди. Яъни, 2018 йил 1 майга қадар ўзбошимчалик билан эгаллаган ер участкаси ҳамда унда қурилган уй-жойлар, ҳисоб-китобларга кўра вилоятда 78,5 минг гектарга яқин ер майдонида жойлашган 425 минг 500 дан ортиқ объектни ташкил этмоқда. Фуқаролар, юридик шахслар ва ЯТТлар томонидан ҳуқуқий ҳужжатда кўрсатилганидан ортиқча эгалланган ер участкаси ҳамда унда қурилган бинолар 5 минг гектарда жойлашган 51 минг 914 та объектни ташкил этмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 461-сонли қарори асосида “Бир марталик умумдавлат акция” доирасида ҳуқуқларни эътироф этиш охирига етмаган уй-жойлар сони 8,5 мингдан ортиқ бўлиб, булар қарийб 2 минг гектар ер майдонида жойлашган уй-жойлар ҳисобланади.

Қонун билан якка тартибдаги уй-жойлар эгаллаган ерларга ижара ҳуқуқи 1998 йил 1 июлга қадар эгалланган бўлса – 0,24 гектаргача, 1998 йил 1 июлдан 2018 йил 1 май кунига қадар эгалланган бўлса – Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида 0,06 гектар, қолган ҳудудларда 0,12 гектардан ошмаган ҳажмгача эътироф этилади. Ушбу ҳажмдан ортиқча ерлар, агар низо бўлмаса, деҳқон хўжалиги ёки томорқа хўжалиги юритиш учун расмийлаштириб берилади. Қонун 2028 йил 1 январга қадар амал қилади ва ҳужжатлаштириш амалиёти уч йилдан зиёд вақт давомида тўлиқ амалга оширилиши белгиланган.

Тураржойлар, хусусийлаштирилган ёки мулк ҳуқуқи эътироф этилган бино ва иншоотлар остидаги ер участкаларига ҳуқуқларни эътироф этиш учун бир марталик тўлов миқдорлари Тошкент шаҳрида – БҲМнинг 5 баравари, Нукус шаҳри ва вилоят марказларида – БҲМнинг 3 баравари, вилоятлар бўйсунувидаги бошқа шаҳарларда – БҲМнинг 2 баравари, бошқа аҳоли пунктларида – БҲМнинг 1 баравари миқдорида белгиланган.

Қонун билан аҳолига енгиллик яратиш мақсадида I ва II гуруҳ ногиронлари, олдинги “акция” вақтида йиғим тўлаган шахслар тўловдан озод қилинади, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган шахсларга 50 фоиз чегирма берилади.

“Ўзбошимчалик билан эгалланган”, деган сўз фақатгина ноқонуний маъносини англатмайди. Қонунчиликда ҳужжатлари сақланиб қолинмаган ер ёки бино-иншоотларга нисбатан ҳам “ўзбошимчалик билан эгалланган” деган таъриф қўлланилади. Масалан, ўтган асрда ажратилган ерларнинг кўпи шундай ҳолатда, яъни қайсидир сабабларга кўра ҳужжатлари сақланмаган. Ҳозирги кунда вилоятимиздаги 425 мингдан ортиқ уй-жой шу ҳолатда турибди. Уларнинг барчаси тегишли тартибда ўрганилиб, қонуний ечимлари берилади.

Ўктам Худойбердиев.