ДХМ соҳасида энг кўп қонунбузарлик давлат кадастрлари палатасида

Жорий йилнинг биринчи чораги давомида ўтказилган текшириш ва мониторинглар натижасида давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида 3 589 та қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди.

Шундан 3 366 ҳолатда давлат хизматлари кўрсатиш муддатлари бузилган, 25 ҳолатда тўғридан-тўғри давлат хизматлари кўрсатилган, 42 ҳолатда ортиқча ҳужжат талаб қилиб олинган, 92 ҳолатда мурожаатлар асоссиз рад этилган ва 64 ҳолатда бошқа қонунбузилишларига йўл қўйилган.

Агар буни соҳалар кесимида кўриб чиқадиган бўлсак, Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиаллари томонидан 1105 та, “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ ва унинг туман (шаҳар) филиаллари томонидан 842 та, давлат солиқ идоралари томонидан 400 та, соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан 417 та қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилган.

Ушбу ҳолатлар бўйича ваколатли идораларнинг раҳбарлари номига 15 та тақдимнома ва 225 та огоҳномалар киритилди. Шунингдек, 85 нафар айбдор шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилиб, 39 нафарининг интизомий жавобгарликка тортилиши таъминланди. 7 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати.