Самарқанд вилоятидаги 583 мингта объектнинг кадастр ҳужжати йўқ

Президентимиз томонидан жорий йилнинг 18 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида кадастр ҳужжати йўқ уйлар масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётган мазкур муаммони узил-кесил бартараф этиш юзасидан аниқ вазифа ва кўрсатмалар берилган эди.

- Ўтган вақт ичида вилоятимизда бу борада бир қатор ишлар амалга оширилиб, хонадонлар хатлови ташкил этилди, - дейди Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармаси бошлиғи Мухтор Қувондиқов. - Жараёнда вилоят бўйича давлат рўйхатидан ўтказилмаган 583 минг 494 та объект борлиги аниқланди. Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий филиаллари мутахассислари мазкур объектларни архив ҳужжатларини ўрганиш орқали гуруҳларга бўлиб, махсус электрон дастурга киритди.

Ўтказилаётган хатлов натижаларига кўра, жорий йилнинг 13 декабрь ҳолатида эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжати бор, лекин кадастр ҳужжати йўқ уй-жойлар 15471 тани, тегишли ҳужжати мавжуд, бироқ давлат рўйхатидан ўтказилмаган объектлар 47457 тани ташкил этди. На эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжати ва на кадастр ҳужжати бор уйлар - 452733 та (77,6 фоиз).

Хатлов ўтказилиб, ҳужжати йўқ уй-жойлар рўйхати шакллантирилгани барчанинг уй-жойи расмийлаштириб берилади, дегани эмас. Эндиликда эгалик ҳуқуқи мавжуд бўлмаган якка тартибдаги тураржой объектларидан фойдаланувчи фуқаролар номига эгалик ҳуқуқини расмийлаштириш тартибларини белгилаш бўйича масъул вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Янги ўрнатиладиган тартибга кўра, тураржой объектларига нисбатан эгалик ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бино-иншоотларга мулк ҳуқуқи, ер участкаларига эса ижара ҳуқуқи белгиланиши назарда тутилган. Ушбу жараён халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг қарори асосида амалга оширилиши мумкин. Бу ваколат 2021 йилнинг 1 августига қадар туман (шаҳар) ҳокимларида эди.