Ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонлари қандай шартларда эътироф этилади?
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонлари ва у ерда қурилган объектларни давлат рўйхатидан ўтказиш, яъни қонунийлаштириш кўпчиликни қийнаётган муаммолардан бири эди.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 20 апрелдаги фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги қарорига асосан ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича зарур тадбирлар ўтказилди. Яъни, бир марталик умумдавлат акцияси ўтказилган ва унда вилоят бўйича 85 мингдан ортиқ ариза келиб тушган бўлса, уларнинг 40 мингдан ортиғига ижобий хулоса берилган. Мазкур имкониятдан фойдалана олмаган фуқаролар яна шундай енгиллик берилишини кутаётганди. Бу масалага ечим сифатида 2024 йил 5 августда Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.
Вилоятимизнинг туман ва шаҳарларида мазкур қонуннинг мазмун-моҳиятига бағишланган семинарлар ўтказилмоқда. Семинарларда Кадастр агентлиги масъуллари, вилоятдаги соҳага масъул идоралар раҳбар ва мутахассислари иштирок этмоқда.
- Ҳозирги кунда ҳуқуқий ҳужжатлари йўқ ёки тўлиқ бўлмаган, ер участкасидан узоқ йиллар давомида фойдаланиб келаётган, ерга бўлган ҳуқуқларни расмийлаштириш масаласи ер эгасига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра охирига етмаган 3,8 миллиондан ортиқ фуқаронинг 493 минг гектар ер участкалари мавжуд, - дейди Кадастр агентлиги бошқарма бўлим бошлиғи Баҳодир Мадияров. - Қолаверса, амалдаги қонунчиликда ушбу ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини эътироф этиш учун ҳуқуқий асос ҳам, ваколатли орган ҳам белгиланмаган. Ҳозиргача юртимизда ҳуқуқларни эътироф этиш масаласида жами 5 марта “акция” эълон қилинган. Уларда ҳаммаси бўлиб 1 миллион 338 мингта ўзбошимчалик билан қурилган уй ҳужжатлаштирилган.
2024 йил 5 августда қабул қилинган, 8 ноябрдан кучга кирадиган ва 2028 йил 1 январгача амал қилинадиган қонунга кўра, 2018 йил 1 майгача ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотлар, “бир марталик акция” доирасида ҳуқуқларни эътироф этиш охирига етмаган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга нисбатан ҳуқуқлар эътироф этилади. Шунингдек, 2021 йил 8 июнга (ҳокимларнинг ваколати бекор қилингунига) қадар туман (шаҳар) ҳокимлари қарори билан ажратилган, лекин вилоят ҳокими ёки халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланмаган ер участкалари, давлат ордери билан хусусийлаштирилган бинолар ва уйлар эгаллаган ер участкаси, ҳоким қарори билан мулк ҳуқуқи эътироф этилган бинолар ва уйлар эгаллаган ер участкалари ҳам эътироф этилади. Бунда, ижара муддати якка тартибдаги уй-жойлар эгаллаган ер участкалари учун 99 йил, бошқа ер участкалари учун 49 йил этиб белгиланмоқда.
Ҳуқуқларни эътироф этиш учун ер участкаси бошқа шахсга ажратилмаган ёки аукционга чиқарилмаган, низоли ер бўлмаган, солиқлардан қарздорлиги йўқ, муҳофаза ҳудуди, суғориладиган ерда жойлашмаган ва бошқа шартларга мос бўлиши талаб этилади.
Қонунга кўра, ер майдони 1998 йил 1 июлгача эгалланган бўлса, 0,24 гектаргача, 1998 йил 1 июлдан 2018 йил 1 майгача эгалланган бўлса, Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида 0,06 гектар, қолган ҳудудларда 0,12 гектардан ошмаган ҳажмда бўлиши белгиланган. Ушбу ҳажмдан ортиқча ерлар, агар низо бўлмаса, деҳқон хўжалиги ёки томорқа хўжалиги юритиш учун расмийлаштириб берилади. Ушбу қонуннинг аввалги “акция”дан фарқи - бунда фуқаро уй-жойи эътироф этиш юзасидан мурожаат қилмайди, балки ҳудудлардаги кадастр идораси мутахассислари томонидан маҳаллалар тўлиқ хатловдан ўтказилади ва маълумотлар etirof.kadastr.uz очиқ сайтига жойлаштиради. Бу маълумотлар 18 та ваколатли идора томонидан икки ой давомида ўрганилиб, хулоса берилади.
Тушунтирилишича, қонунга алоҳида низом ишлаб чиқилмайди ва тўғридан-тўғри татбиқ этилади. Бироқ семинарда мутахассислар аввалги “акция”да ўзбошимчалик билан эгалланган 20 сотих ер участкасининг 6 сотихи эътироф этилгани ва шу майдон учун тўлиқ кадастр чегараси белгилангани, бунинг оқибатида эътироф этилган майдон кадастр ҳужжатида аниқ кўрсатилмаслиги давлат ва жамоат эҳтиёжи учун ерни қайтариш зарурати туғилганда ўзбошимчалик билан эгалланган майдон учун ҳам бюджетдан маблағ тўлашга тўғри келаётганлиги ва ушбу қонунда ҳам бу борада камчилик борлигини билдиришди.
Яна бир масала. Туман ва шаҳарлардаги кадастр идораларида 2-3 нафар ходим ишласа, улар битта маҳаллани тўлиқ хатловдан ўтказиши учун қанча вақт талаб этилади? Ахир қонунда ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари учун ҳуқуқни эътироф этиш 2028 йил 1 январгача этиб белгиланган бўлса, қонун ижросига юзаки қараш шаклланиб кетмайдими?
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.