Камбағалликдан фаровонлик сари: Дастур вилоятда қандай амалга оширилмоқда?
Давлатнинг иқтисодий қудрати, аввало, ҳар бир оиладаги фаровонликдан, оилаларнинг даромад манбалари барқарорлигидан бошланади. Шу боис мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини ошириш, камбағалликни қисқартириш масаласи айни даврдаги устувор ижтимоий вазифага айланди.
Декабрь ойида Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида банк хизматларини маҳаллалар даражасигача етказиш орқали ушбу вазифани ҳал этишда эришилган натижалар муҳокама қилинар экан, тизимни янада такомиллаштириш бўйича долзарб таклифлар ўртага ташланиб, муҳим вазифалар белгиланди.
Хўш, Самарқандда вазият қандай, режалар қанақа? Қуйида шулар ҳақида сўз юритамиз.
Натижалар янги куч беради...
Ўтган йили 98 минг 420 та камбағал оиланинг 72 минг 738 нафар аъзоси барқарор ва даромадли ишга жойлаштирилди.
Бунда 18 мингдан кўпроқ аҳоли вакили тадбиркорликка жалб этиш орқали банд қилингани аҳамиятли. Қўшработ тумани Юқори Жўш маҳалласида 30 та оилага “Навобод наслли парранда” масъулияти чекланган жамияти томонидан уч томонлама шартнома асосида гўшт йўналишида 10 мингдан зиёд бройлер жўжа тарқатилди. Бу билан оилалар кунига ўртача 100-120 минг сўмдан даромад олиш имконияти яратилди.
Мисол учун, ушбу маҳаллада яшовчи Ғиёс Ибодуллаев 500 та жўжа боқяпти. Жўжа ҳар 40-45 кунда гўштга топшириш учун тайёр бўлади. Етилган парранданинг тирик вазндаги бир килосининг нархи 18 минг сўмдан “Навобод наслли парранда” МЧЖ томонидан сотиб олинмоқда. Натижада Ғ.Ибодуллаев ҳар 40-45 кунда 10-12 миллион сўм даромад топяпти.
Камбағалликни қисқартириш борасидаги иккинчи йўналиш таълим ва касб-ҳунарга ўқитиш ҳисобланади. 2024 йил давомида бу йўналишда 21 минг 653 киши қамраб олинди.
Бунда 817 киши IT курсларида ўқитилган бўлса, 6 минг 783 кишига касб ўргатилиб, уларнинг бандлиги таъминланди. Мисол учун, Каттақўрғон тумани Қирғиз маҳалласида яшовчи Санобар Собирова ижтимоий реестрда туради. У Каттақўрғон шаҳар касб-ҳунарга ўқитиш марказида тикувчилик йўналишида ўқитилгач, унга субсидия асосида 1 дона тикув машинкаси, 1 та аверлок ҳамда хомашё олиб берилди. Ҳозирда у икки кишини шогирдликка олиб, иш билан таъминлаган.
Ушбу йўналишда Қўшработ туманида амалга оширилган ишни алоҳида айтиб ўтиш мумкин. Чунки тумандаги Булоқ маҳалласида "Сам Антеп Гилам" масъулияти чекланган жамияти томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандларига чет тилларини ўргатиш мақсадида маҳалладаги 71-мактабда қўшимча дарс машғулотлари, 60 ўринли болалар боғчаси ташкил қилинди. Шу билан бирга, 20 та иш ўрни яратган мебель цехи ишга туширилди. Бу ерда ишчиларга ҳар ойда 6,5-7 миллион сўмдан иш ҳақи тўланмоқда.
Йил давомида 8 мингдан кўпроқ фуқарога хорижий тил ўргатилиб, меҳнат миграциясига юборилди.
Факт ва рақамлар сўзлаганда
Аслида, камбағал оилаларга берилаётган кўмак ва кўрсатилаётган амалий ёрдам фақат юқоридагилардан иборат эмас. Зотан, ўтган йил давомида қарийб 38 минг кишига тиббий хизмат кўрсатилди. Уларнинг 5 минг 951 нафарида имтиёзли жарроҳлик амалиёти ўтказилди.
Масалан, Қўшработ тумани Қўролос маҳалласида 2021 йилда туғилган Умида Ўринбоева туғма юрак нуқсони билан оғриган экан. Ушбу қизалоқ туман тиббиёт бирлашмасининг ўзида вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази мутахассислари томонидан бепул операция қилинди.
Мустақиллик маҳалласида яшовчи, 1971 йилда туғилган Баҳодир Абдувоҳидов икки томонлама диспластик коксаартроз билан касалланган бўлиб, даволаниш учун молиявий имконияти бўлмаган. "Камбағалликдан фаровонлик сари" дастури доирасида ушбу фуқарода ҳам бепул жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, саломатлигини тиклашига ёрдам берилди.
Йил давомида қарийб 11 минг фуқарога ижтимоий хизмат кўрсатилди. Жумладан, Қўшработ тумани Қўштамғали маҳалласида ташаббускор тадбиркор – “Сам строй инвест” масъулияти чекланган жамияти томонидан ногиронлиги бўлган Ойсара Хидировага электрон ногиронлик аравачаси олиб берилди. Энг муҳими, ўғли "Сам строй инвест" МЧЖга ишга қабул қилинди. Қизи ўқув курсларига жалб қилиниб, тўловлари тўланди.
Бундан ташқари, 3 минг 310 нафар фуқаронинг яшаш шароити яхшиланди. Жумладан, "Samarqand Diyora lyks" масъулияти чекланган жамияти томонидан Қўшработ тумани Янгиқишлоқ маҳалласида 3 та хонадонга қуёш панеллари ўрнатилди.
"Ismatov`S Family Market" масъулияти чекланган жамияти томонидан Нуробод тумани Наврўз маҳалласида яшовчи фуқаро Гулноза Қанохатовага янги уй-жой қуриб берилди.
Маҳаллаларда 5757 та оиланинг инфратузилмаси яхшиланди. Мисол учун, Нуробод тумани Аработа маҳалласида тадбиркорлар томонидан 1 та сув иншооти ва 3 километр ичимлик сув тармоғи қуриб берилди.
Фаолият таҳлилга асосланади
Туманларни ўрганиш, аҳоли ва тадбиркорлар билан учрашиш орқали иқтисодий комплекс ташкилотлари бошини бириктириб, ишсизлар, камбағал оилалар билан манзилли ишлаб, уларнинг даромадини ошириш чораларини кўрмоқдамиз.
Мисол учун, Каттақўрғон туманидаги ўрганишда барқарор даромадга эга бўлмаган ва камбағалликка тушиш хавфи юқори бўлган 2 миллион сўмгача даромад оладиган 8,6 минг нафар аҳоли қатлами борлиги, улардан 2,5 минг нафари камбағалликка тушиш хавфи юқори эканлиги аниқланди.
Биргина Чўянчи маҳалласидаги даромади 2 миллион сўмгача бўлган 209 нафар фуқародан 43 нафарининг камбағалликка тушиш эҳтимоли мавжуд. Ушбу оилалар билан индивидуал ишлаш орқали улар учун қўшимча даромад манбаи яратиш лозим.
Маҳалладаги фермер хўжалиги ишчиси (механик) Йўлдош Темировнинг ўртача ойлиги 2 миллион сўм, 4 нафар фарзанди бор. Оила расмий ойлик иш ҳақидан ташқари 6 сотих томорқасида деҳқончилик қилиб, 4 бош қорамол ва 35 та товуқ боқиш орқали ҳар ойда қўшимча 1,6 - 1,8 миллион сўм даромад қилади.
Ушбу оилага молиявий инструментларни йўналтириш (2 сотихлик иссиқхона, пайвандлаш устахонаси) орқали қўшимча даромад манбаи яратилади.
Жорий йил туманда ажратилаётган 62,3 миллиард сўм маблағ биринчи навбатда юқоридаги каби тоифадаги 2,5 минг аҳолига йўналтирилади.
Умуман олганда, шундай таҳлилни бошқа туманларда ҳам амалга ошириб, камбағалликка тушиш хавфи мавжуд бўлган оилаларни эрта аниқлаб, уларга тезкор амалий ёрдамлар кўрсатиш бўйича барча имкониятларни сафарбар этамиз.
Режалар катта, натижа шунга мос бўлади
2025 йилда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида 87,6 минг нафар аҳоли камбағалликдан чиқарилади. Натижада камбағал оилалар сони 75,5 мингдан 56 мингтага (7,9 фоиздан - 5,8 фоизга) пасайтирилади.
Табиийки, жараёнда ишсизлик даражаси ҳам пасаяди. Таҳлилларга кўра, бу борадаги кўрсаткич 5,2 фоиздан 5 фоизга туширилади.
“Сайхунобод тажрибаси” асосида 45 мингта микролойиҳа бўйича камида 10 тадан кам даромадли хонадон даромадини 60-70 миллион сўмдан ошириш бўйича лойиҳалар амалга оширилади.
Айтиш мумкинки, бу борада 2024 йил давомида 36 мингга яқин лойиҳа амалга оширилиб, 55 мингдан кўпроқ иш ўрни яратилди.
Мисол учун, Ургут тумани Ипакли маҳалласида яшовчи Махсуда Ахмедовага “Микрокредитбанк” томонидан “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури” доирасида 22 миллион сўм кредит ажратилиб, 2 сотих иссиқхона, 100 бош парранда ва 2 дона тикув машинкаси олиб берилди. Натижада 5 кишининг бандлиги таъминланди. Ушбу лойиҳа орқали оилага йилига 60-65 миллион сўм даромад топиш имкони яратилди.
Ёки Самарқанд шаҳри Жўйи чуқур маҳалласидаги мисолни олиб кўрайлик. Бу ерда Шерзод Расулов 100 миллион сўм имтиёзли кредит ҳисобидан ширинлик ишлаб чиқариш учун ускуна сотиб олди. Кичик цехда 4 кишининг бандлиги таъминланиб, оила йилига 60-70 миллион сўм қўшимча даромадга эга бўлди.
“Уйчи тажрибаси” асосида банклар 9,3 мингта мижози билан учрашув ўтказиб, уларнинг масалаларини ҳал этиш орқали 9,2 минг нафар аҳолини доимий ишга жойлаштириши кутиляпти.
Мазкур тажриба асосида йил давомида 500 дан зиёд учрашувларда 3 мингдан кўпроқ мурожаат рўйхатга олинган. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 11 мингдан кўпроқ иш ўрни яратилди.
Мисол учун, апрель ойида Нарпай туманида ўтказилган учрашувда “Samarqand Silk AO” масъулияти чекланган жамияти раҳбари 500 минг АҚШ доллари миқдорида кредит ажратиш бўйича мурожаат қилди. Мурожаат “Микрокредитбанк” томонидан ижобий ҳал қилиб берилди ва қўшимча 212 та янги иш ўрни яратилди.
2025 йилда “Зарбдор тажрибаси” асосида қиймати 1953,2 миллиард сўмлик 91 та лойиҳа амалга оширилиб, 8 минг 14 кишига доимий даромад манбаи яратиш режалаштирилмоқда.
Ушбу тажриба асосида 2024 йил давомида Самарқанд туманидаги Сиёбча канали бўйида замонавий аҳоли дам олиш масканлари ташкил этилди ва 415 та янги иш ўрни яратилди.
Бундан ташқари, Паст Дарғом туманида “Қалмоқсой” масъулияти чекланган жамияти томонидан қиймати 1,5 миллиард сўмлик умумий овқатланиш маскани ташкил қилиниб, 20 киши доимий иш билан таъминланди.
Янги йилда “Ғиждувон тажрибаси” асосида қиймати 42,4 миллиард сўмлик 121 та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 1140 та янги иш ўрни яратилади.
Бундан ташқари, “Бир контур - бир маҳсулот” тамойили асосида ижарага ажратилган ер майдонларида 40 гектардан жами 560 гектар ер майдонида лойиҳаларни амалга ошириш орқали мингдан ортиқ аҳолининг бандлиги таъминланади.
Феруз АБИЛОВ,
вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари.