Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Камтарликнинг маърифати ёхуд давлат ва жамоат арбоби, журналист Холмуҳаммад Нуруллаевни эслаб

Албатта, таълим тизими вакилига ўз даврининг шижоатли зиёлиси, таниқли журналист ҳақида гапириш ноқулайдек туюлади. Аммо бу инсоннинг ўша давр сиёсатидаги ўрни ва фазилатларини яхши билганим учун бугун унинг сийратидаги айрим ҳолатларга тўхталиб ўтмоқчиман…

Холмуҳаммад вилоят газетасининг мухбири сифатида бир шикоят юзасидан Иштихонга бориб қолди. Мен ўшанда туман ижроқўм раисининг ўринбосари эдим. Ўз жонига қасд қилган, лекин тирик қолган қизалоқ тақдири билан қизиқди. Тенгдош бўлганимиз учун ҳар бир ҳаракати ва савол-жавобини кузатишга, тинглашга имкон берди. Очиғи, илгари ҳам мухбирлар кўп келган. Аммо воқеани ўрганиб, ўша манзилнинг ўзидан қайтиб кетишган. Х.Нуруллаев эса тақдири чалкаш қизалоқнинг нафақат оила аъзолари, қариндошлари, балки ўқиётган мактаб, яшаётган маҳалла вакиллари билан эринмасдан суҳбатлашди, воқеанинг келиб чиқиш сабабларини ўрганди, кейин газатада мақола ёзди. Ана шу мақолани нафақат биз, балки бошқа туман фаоллари ҳам ўз йиғилишларида муҳокама этдилар. Ўша мақола туфайли менда Холмуҳаммадга ўзгача меҳр уйғонганди.

Кўп ўтмай мен Самарқандга, халқ таълими бошқармасига ишга бордим. У киши «Зарафшон» газетасидан вилоят ҳокимлигига ишга ўтди, биргаликда фаолият кўрсатдик. Ана шу жараёнда бир-биримизни янада кўпроқ билишга ва танишга эришдик.

Кейинчалик билсам, Холмуҳаммаднинг отаси Жума ака мен билан касбдош, география муаллими экан. Ургутнинг Нисбот қишлоғидаги мактабда узоқ йиллар шу фандан сабоқ берган. Ўзаро суҳбатда Жума ака ўзи таҳсил олган қадрдон факультет ва унинг фидойи олимлари ҳақида бизга кўп яхши гапларни айтган. Жума ака Холмуҳаммаднинг Бобур туғилган кунида дунёга келганидан жуда хурсанд бўлган, унинг шоҳ ва шоир каби маърифатли бўлишини истаган.

Ўша пайтда бу қишлоқда таниқли одамлар чиқмаганлиги учун эндигина Ўзбекистон комсомоли мукофоти лауреати бўлган, кейинчалик Ўзбекистон халқ шоири даражасига эришган Барот Бойқобиловдан ибрат олишини истаган. Эҳтимол, шу туфайлидир Холмуҳаммад устози, олим ва журналист, аниқроғи отасининг шогирди Абдурашид Абдураҳмонов (жойлари жаннатда бўлсин!) этагини маҳкам ушлаган.

Мустақилликнинг дастлабки йиллари осон кечган эмас. Нафақат ҳокимлик, балки бошқарувдаги барча тизимлар биз учун янгилик эди. Тажриба йўқлигидан ҳар бир соҳада тартиб ўрнатиш, ўз йўлимизни топиш учун қизғин кураш кетарди. Х.Нуруллаев ана шу жараёнда энг масъулиятли лавозимларда ишлади: вилоят ҳокимлиги ходими, котибияти мудири, «Зарафшон» газетаси бош муҳаррири, вилоят ҳокимининг ўринбосари, Ургут тумани ҳокими.

Бугун ўша даврда биргаликда хизмат кўрсатган раҳбарларнинг деярли барчаси Холмуҳаммад Жумаевич ҳақида бир хил фикр айтади: у бир сўзли, самимий қалбли, дўстпарвар инсон эди. Камина Холмуҳаммаднинг мунтазам равишда китоб дўконларига кирганига, ўқиган китоблари ҳақида фикр билдирганига, биринчи раҳбар учун маърузалар ёзганига кўп гувоҳ бўлганман. Унда хизмат вазифасининг масъулиятини сезиш ҳисси кучли эди.

Давр эканда, Ургутдан пахта теримига ҳашарчиларни жалб қилиш, аҳволи оғир туманларга ёрдам бериш осон кечмаган. Айниқса, Вағашти ва Комангарон қишлоқларида сув муаммоси, Тожикистон билан чегарадаги айрим қишлоқлар ҳудудини аниқлаш билан боғлиқ муаммоларга ечим топиш унча-бунча раҳбарни чарчатиб қўярди. Х.Нуруллаев ана шундай синовлардан жасорат билан ўтди. Шунинг учун ҳам бугунги кунда нафақат Ургут тумани аҳолиси, вилоятдаги жуда кўп зиёлилар бу инсоннинг номини ҳурмат билан тилга олади.

Х.Нуруллаев вилоят газетасига бош муҳаррир бўлган йилларида ҳам биз каби зиёлиларни таҳририятга тез-тез таклиф этар, ҳар биримиздан замона моҳияти, тармоғимиздаги муаммолар хусусида мақолалар ёзиб беришимизни сўрарди. У муҳаррирлик қилган даврдаги газета тахламларини кўздан кечирсангиз, бунга ўзингиз гувоҳ бўласиз.

Холмуҳаммад Жумаевич ишлари тиғиз бўлишига қарамасдан зиёлилар даврасида бўлишни яхши кўрар, таъзиялардан, беморларни йўқлашдан эринмасди. Олий Мажлис депутати сифатида эса нуфузли минбарда туриб нафақат Ургут тумани, балки вилоят манфаатини ҳам ҳимоя қила билди, кўплаб муаммоларни тегишли идоралар раҳбарлари олдида кўндаланг қилиб қўя олди.

Оққан дарё оқаверади. Х.Нуруллаев қаерда ишлашидан қатъи назар, хоҳ республика нашрларида, хоҳ вилоят газетасида бўлсин, биз унинг мақолаларини тез-тез ўқиб турганмиз. Айниқса, олимлар ва зиёлилар билан ҳар бир маънили суҳбатини қоғозга туширар ва бу ҳақда биз кутилмаганда чиройли мақола ўқиб қолардик. Бундан ташқари, вилоят газеталари тахламларини варақласангиз Х.Нуруллаев имзоси билан жуда кўплаб салоҳиятли устозларимиз, давлат арбоблари, ижодкорлар ҳақидаги мақолаларга кўзингиз тушади. Бу ҳам фидойи, зиёли инсоннинг салоҳиятини кўрсатиб туради.

Х.Нуруллаев ҳаёт бўлганида 70 ёшга тўлган бўларди. Надоматлар бўлсинки, у бугун орамизда йўқ. Аммо кўнглимиздан кетган эмас. Унинг эзгу ишлари, юксак инсоний фазилатлари зиёлиларнинг ҳар бир даврасида ҳурмат билан эсланади. Зеро, келинимиз Шоирахон, фарзандлари Шоҳида, Азиз, Зафаржон ана шундай табаррук инсоннинг чироғини ёқиб келмоқда.

Саидаҳмад УСМОНОВ.

***

Суратда: Холмуҳаммад Нуруллаев (чапда) Тойлоқ тумани ҳокими Жамшид Ашуров (Аллоҳ раҳмат қилсин) билан. 2004 йил.