Картошка 3500 сўм, сабзи 2500 сўм, карам 1500 сўм...
18 октябрь - Самарқанд шаҳри куни муносабати билан ташкил этилган ''Табиат саховати" қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси''да шаҳар ва туманлардан келган фермер ҳамда тадбиркорлар ўзлари етиштирган ва ишлаб чиқарган маҳсулотларини арзон нархда сотяпти.
Асосийси, бу галги арзонлаштирилган ярмаркада маҳсулотларни пластик карта орқали сотиб олиш учун ҳар бир туман растасига 2 тадан терминал ўрнатилган. Бу борада муаммо бўлса "Ипотека банк" Кўксарой филиалининг сайёр кассаси харидорларнинг пластик картасидаги пулни шу жойнинг ўзида нақдлаштириш учун шай турибди.
- Бугун Самарқанд шаҳри куни олдидан ўтказилаётган ярмаркага хўжалигимизда етиштилган 14 турдаги 30 тонна маҳсулот келтирдик, - дейди Паст Дарғом туманидаги ''Дилафрўз'' фермер хўжалиги раҳбари Шерали Раҳмонов. - Барча маҳсулотлар бозордагидан анча арзон нархларда. Масалан, сабзи 2500 сўм, карам 1500 сўм, картошка 3500 сўмдан сотиляпти.