Кўҳна кентнинг байрами қандай нишонланади?
Хабарингиз бор, ҳар йили 18 октябрда Самарқанд шаҳри куни кенг нишонланади. 1996 йилнинг ушбу санасида Амир Темур таваллудининг 660 йиллигига бағишланган тантанада Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан берилган.
Шаҳарга Амир Темур ордени топширилган шу кундан буён мана қарийб чорак асрдирки, шаҳар куни вилоятда кенг нишонланиб келинади.
Анъанага кўра, тадбирлар темурийлар мангу қўним топган Амир Темур мақбарасида Қуръон тиловат қилиш ва Соҳибқирон ҳайкали пойига гул қўйиш маросими билан бошланади.
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, сана муносабати билан Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғи ва мутафаккир номи билан аталувчи кўчада байрам тадбирлари ўтказилади. Қайд қилинган кўчанинг Университет хиёбонидан Амир Темур кўчасигача бўлган қисмида иккита рамзий дарвоза ўрнатилиб, ҳудудда турли кўргазмалар ташкил этилади.
Вилоят ҳокими тасдиқлаган чора-тадбирларга кўра, Алишер Навой кўчасининг Университет хиёбонидан Камол Отатурк кўчасигача бўлган қисмида қайта ишланган тайёр озиқ-овқат ва кундалик эҳтиёж моллари ярмаркаси, Амир Темур ва Мирзо Улуғбек кўчалари оралиғидаги ҳудудда эса кийим-кечак ва пойабзал ярмаркаси ўтказилади.
Бундан ташқари, байрам олдидан 14 октябрдан буён “Мармар” деҳқон бозорида “Табиат саховати” - арзонлаштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилган. Ушбу ярмарка 24 октябргача давом этади.
Вилоят мусиқали драма театрида давлат академик халқ чолғулари оркестри концерт томошаси бўлиб ўтади. Театрда соат 17:00 да режалаштирилган ушбу тадбиргача корхона ва ташкилотлар ходимлари, ижтимоий дафтарларда рўйхатда турган оилалар учун "Ялантўш Баҳодир" спектакли намойиш этилади.
Уч минг йиллик тарихга эга Самарқанд азалдан илм, савдо-сотиқ ва ҳунармандчилик маркази, шунингдек, дунё тамаддунининг йирик марказларидан бири бўлиб келган. Кўҳна ва боқий шаҳарда бугунги кунда ҳам ўндан зиёд янги боғ ва хиёбонлар ташкил этилган. Асрий кентнинг табиати ва иқлимга мос дарахтлар парваришланаётган бу манзиллар сана муносабати билан янада гавжум бўлиши кутилмоқда. Чунки шаҳарда байрамга мос турли маданий тадбирлар ҳамда концерт дастурлари ташкил этилади.
Маълум қилинишича, “Самарқанд шаҳри куни”да соат 16:00 да “Мўъжиза” амфитеатри ҳамда соат 18:00 да “Нурафшон” маданият саройи ва соат 19:00 да Қорасув масканидаги "Янги Ўзбекистон боғи"да концерт дастурлари бўлиб ўтади.
Байрам тадбирлари якунида мушакбозлик ташкил этилиши режалаштирилган.
Дарвоқе, шу куни шаҳар аҳолисига жамоат транспорти соат 08:00 дан 16:00 гача бепул хизмат кўрсатиши белгиланган. Шунингдек, тарихий обидалар, диққатга сазовор жойлар ва давлат музейларига бепул кириш мумкин.