Икки дунёда ҳам битта Самарқанд!
Карвонлар келарди етти иқлимдан,
Чиннилар, шоҳилар ортишиб той-той.
Боғлари жаннатдан нусха кўчирган,
Егани бол бўлган, тишлагани мой.
Тиланмаган ҳеч ким дунёни, эркни,
Гадолар бой бўлган бу юртга келиб.
Боғбонининг қизи малика бўлган,
Чўрилар ой бўлган бу юртга келиб.
Аёлин ҳуснидан ой хижолатда,
Ақлига тан берган шоҳи, доноси.
Ҳеч қурса хон бўлган туққан ўғили,
Ҳечса, донишманднинг бўлган онаси.
Шоҳлари мард бўлган, юрт олар бўлса,
Бутун ер юзини олган мўлжалга.
Эрлари мард бўлган, гар севиб қолса,
Икки шаҳар берган бир дона холга.
Дунёни беш юз йил ўқитиб ётган,
Алишер бу юртга таҳсилга келган.
Мангуликдан мангу, шундай буюк зот.
Самарқандни азиз меҳроб деб билган.
Жаннат кўкартгани камдай тупроғи,
Кўксига мукаррам бошларни олган.
Жонин берсалар ҳам ўзга юртларда,
Шоҳларнинг жасади шунда кўмилган.
Бу тупроқда метин бардош бўлмаса,
Жаҳонгир Темурни қандай қучарди.
Балки Улуғбекнинг хаёли бирлан,
Юлдузларга томон қушдай учарди.
Бу тупроқда агар бўлмаса бир сир,
Хўжа Аҳрор Валий бош қўярмиди?
Бибихоним йиғлаб, кўзига суртиб,
Орзуларин айтиб ёш қуярмиди?
Хизр назар солган, дуо кетган юрт,
Қўшиққа айланур ҳар азоб, ҳар гард.
Шу юрт деб яшасанг, ўлсанг арзийди,
Икки дунёда ҳам битта Самарқанд!
Хосият Бобомуродова,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими,
“Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳибаси.