Самарқанд: Бу замин қўйнида қадимий сир бор

Бу замин қўйнида қадимий сир бор,

Қадимий дарду бахт, ташвиш, хаёл-ўй.

Бунда булбул қилган гўзал нолалар,

Гуллар ҳам ўзгача таратишган бўй.

 

Унга кўкдан майин жилмайган қуёш,

Тунлари шайдоси бўлган ҳазин моҳ.

Бу замин — эрк дея кўтарилган бош,

Ўтмишдан эртага тикилган нигоҳ.

 

Неча-неча карвон, неча минг одам,

Айланган меҳмону нишонасига.

Бунда ҳар бир зоғнинг бошин қилмай хам,

Қисмат нур таратган пешонасига.

 

Оташпараст руҳ ва кўнгил майлини

Ўз олови билан қондирган юрт бу.

Минг йилларга чўзиб яшаш сайрини,

Зиё машъалини ёндирган юрт бу.

 

Офтобни кифтига қўндирган маъво,

Зилол булоқлардан сув ичган замин.

Дилларни ҳамиша айлаб руҳафзо,

Етти иқлим аро йўл кечган замин.

 

Бу заминга келган одам борки то

Сира енгилмаган зарра ташвишга.

Ишқига жо бўлган Боғи Дилкушо,

Кўнглини бахш этган Боғи Беҳиштга.

 

Дея, сенинг учун азиз дилбандман,

Кезиб юрар гўё орзулари минг.

Ана, ҳали-ҳамон Боғи Баланддан,

Нафаси кетмаган Бибихонимнинг.

 

Мозий сўз жуфтласин дил ҳайратига,

Очганди ҳамдўстлик сари равон йўл,

Оқил ҳукмдорлар машваратига

Не замонлар гувоҳ бўлган Конигил.

 

Кўнгиллардан тошиб гўё муҳаббат,

Эзгу юракларнинг орзулари жам.

Оламга омонлик тилагай албат,

Бугун минбарида “Боқий шаҳар” ҳам.

 

Ер юзи сайқали, Шарқнинг машъали,

Кечмиши шукуҳли, толеъи фузун.

Минорлар кўк сари бўйлар нашъали,

Ҳар битта кошинда минг битта афсун.

 

Мозийдан элчидир бу кўҳна шаҳар,

Бағрига талпинган фозил-фузало.

Темурбек пойтахти, сарвати гавҳар,

Салтанат меҳвари ул Арки аъло.

 

Раият шод бўлмиш адлу эҳсондан,

Улуғбек юлдузлар томон йўл очди,

Дурру жавоҳирлар териб осмондан,

Нурсиз юракларнинг бошидан сочди.

 

Барча давронларнинг пиру даҳоси

Муборак бу юртни қўллаб турибди.

Ўтмиш ва эртанинг нашъу намоси,

Муаззам заминда кезиб юрибди.

 

Пойини қўриқлар минг пиру чилтон,

Сайёҳлар ҳайрати кўзида турар.

Ҳар қизи малика, ҳар ўғли султон,

Ҳамиша шонини елкалаб юрар.

 

Темурбек бошлаган боқий машварат,

Сўнмас эзгуликнинг бахти, шукуҳи.

Ҳилпирар тотувлик байроғи абад,

Тамал тоши эрур Самарқанд руҳи.

 

Бу замин руҳидан куч олиб яна

Кундан-кунга сайқал топмоқда жаҳон.

Эзгулик ҳар ерда қилар тантана,

Ҳар кимнинг иқболи бўлар нурафшон.

 

Сўзларга сиғмагай шавкатинг, шонинг,

Гўзалсан, кўркамсан таърифга монанд.

Бу жонажон ватан — Ўзбекистоннинг,

Бошига тождирсан жоним Самарқанд!

 

Ўткир РАҲМАТ.

***

 

Ҳайрат

 

Ҳайрат мени айлади аср,

Самарқандда энтикиб тошдим.

Шаҳри азим бамисли қаср,

Таърифларга сўз топмай шошдим.

 

Безак бўлиб гўзал туйғулар,

Чор атрофга сайқал уфурмиш.

Ўз ўзлигу қанча сайёҳлар,

Англай олмас, ўнгуми ё туш.

 

Кўнгилларга кўчмиш ободлик,

Чеҳраларда мамнун ифода.

Ҳавоси ҳам шодликдек тотлик,

Шаҳри сайқал эрур зиёда.

 

Истиқлолдан униб истиқбол,

Нек ниятлар қаноту ёрдир.

Англаганим равшан ҳақиқат,

Бу маъвода барака бордир.

 

Изҳор

 

Йиллар ўтар, кун, ойлар сайин,

Инсонлар ҳам ўтар бирма-бир.

Ким тупроқда ётар шунчайин,

Кимисидан балқиб турар нур.

 

Кўнгилларин забт этмоқ мушкул,

Ҳарорати бўлмаса дилни.

Фойда бермас, мансабу усул,

Юқтирмаса фикру ақлни.

 

Кўпни ризо этмоқлик учун,

Ваъда эмас, ижродир асос.

Ҳақиқатнинг тилидир узун,

Назар етган назардан қолмас.

 

Бугун кўриб Самарқанд кўркин,

Қиёсларга топилмас қиёс.

Лек баралла айтмоқлик мумкин,  

Самарқанддир Самарқандга хос.

 

Ҳайрат порлар, кўзларда ёлқин,

Таҳсинланар кимдир улушдор.

Ва вужуддан айтилар таҳсин:

Обод юртда мард ўғлон бисёр.

 

Суюндик Мустафо НУРОТОИЙ.