Касалликлар нега ёшаряпти?

Гап аҳоли орасида оммалашган юрак-қон томир, қандли диабет, инсульт, саратон ва бошқа касалликлар устида бормоқда.

Баъзилар бундай аҳволга ҳозирги турмушнинг югур-югур ва ташвишлари, яшаш муҳитининг тобора кучайиб бораётган ҳиссиётли таъсири сабаб деса, айримлар ҳаммаси нотўғри овқатланиш туфайли деб исботлашга уринишади. Кўпчилик тадқиқотчилар цивилизация хасталикнинг ҳақиқий сабаби - гиподинамия, яъни кам ҳаракат ҳаёт тарзи, деган хулосага келмоқдалар.

Юз йил муқаддам инсон ўзига керакли ишнинг 95 фоизини ўз кучи билан бажарган бўлса, ҳозир ана шу ҳажмдаги ишни машиналар уддалаяпти. Одам организмининг 35-40 фоизи мускулдан ташкил топганини ва деярли ҳамма бошқа системалар мускулларни ҳаракатга келтириш учун хизмат қилишини назарда тутсак, ҳозирги аҳвол ўз-ўзидан равшанлашади.

Буюк ватандошимиз Абу али Ибн Сино "Биринчи жисмоний машқлар, ундан кейин тўғри овқатланиш тартиби ва уйқу", деб белгилаган. У шундай ёзади: "Меъёрида ва ўз вақтида жисмоний машқлар билан шуғулланадиган инсон ҳеч қандай даволашга муҳтож эмас!".

Дарҳақиқат, жисмоний машқлар - соғлиқни сақлашнинг асосий усули бўлиб, улар одамни чуқур нафас олишга мажбур этади, чуқур нафас олиш танамиз учун ҳам, руҳиятимиз учун ҳам фойдалидир.

Файласуф Мирзо Бедил таъбири билан айтганда "Руҳ ва ақл қалъасини эгаллаш учун жисмоний тарбия билан шуғулланиб туриш лозимдир". Инсон танаси, қони ҳаракатда бўлса, фикри, ғоя ва тафаккури ҳам ҳаракатда бўлади.

Республика Президенти 2018 йил 18 декабрда "Юқумли бўлмаган касалликларнинг профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" қарор қабул қилди. Шунинг учун ҳам жисмоний фаолликни кучайтиришга давлат ва жамият миқёсида ижтимоий аҳамиятга эга масала сифатида қаралмоқда.

Россиялик машҳур кардиожарроҳ академик Лео Бокерия шогирдларининг "Айтингчи, биз эрталаб ва кечқурун транспортда юрмасдан пиёда ишга бориб келсак, шунинг ўзи жисмоний машқнинг ўрнини қоплайдими?", деган саволига "Йўқ, сиз ишга шошиб борасиз, уйга шошиб қайтасиз, бунда инсон онги иштирок этмайди", деб жавоб берган. Буни буюк аллома Ибн Сино ҳам ўз вақтида қайд этган. Онгли машқлар ва ҳаракатлар орқали кўп кишилар бедаво ҳисобланадиган дардлардан бутунлай холос бўлган, бунга мисоллар кўп.

Соғлом турмуш тарзи унинг асосини ташкил этувчи жисмоний фаоллик кўплаб дори-дармоннинг ўрнини босиши мумкин, лекин бирорта дори жисмоний тарбия ўрнини босолмайди. Авиация двигателлари соҳасида йирик мутахассис, конструктор россиялик академик Александр Микулин 50 ёшида юрак инфарктига чалинади. Шунда у ҳаётининг саноқли кунлари қолганлигини фаҳмлайди.

Жаҳонда машҳур "МИГ" ва "ТУ" сингари замонавий самолётларни ҳавога кўтара оладиган двигателлар ясаган ва уларни хизмат қилиш муддатларини кашф қилган олим ўз танасидаги двигатель (юрак)нинг хизмат қилиш муддатини чўзиш ҳақида ўйламаганлигидан афсусланади. Узоқ умр кўрганлар тажрибасидан келиб чиқиб, юрак 50 йилда ўз фаолият муддатини тугатмаслиги керак, деган хулосага келади. Ҳали касалхонадалигидаёқ ўзига мутлақо ёт бўлган соҳа - инсон бадани, айниқса, қон айланиш тизими ва юракнинг ишлаш механизмини ўрганишга қарор қилади.

Микулин соғломлаштириш ҳаракатининг биринчи ташаббускорларидан бири бўлган. У муҳим соғломлаштирувчи тадбир сифатида пиёда юриш ва югуришнинг эволюцион моҳиятини очишга ҳаракат қилади. Ҳаракатлар ичида пиёда сайр қилиш, сакраш, югуриш ва отда юришнинг соғлиқ учун фойдали эканлигини таъкидлайди.

Александр Микулин инфарктдан кейин ҳам 40 йил умр кўриб, 90 ёшида оламдан ўтган. Инсон фаол ҳаракат қилиб турмаса, юксак меҳнат қобилиятига эга бўлиши мумкин эмас. Ҳаракат фаоллиги кунига 8-10 километрни ташкил қилиши лозим. Албатта, бу ерда индивидуал ёндашув талаб этилади. Кам ҳаракатлилик: инсонларни семириб кетишга, қонда холестерин миқдорининг ошиб кетишига, бўғимларда туз моддалари чўкишига ва умрнинг қисқаришига олиб келади.

Хулоса ўрнида юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олишда юқорида айтилганлар билан бир вақтда тамакидан воз кечиш, спиртли ичимликларни камайтириш ва албатта, беморни иштироки талаб қилинади. Шифокорнинг олдига бориб, мен касал бўлдим, даволаб беринг, деб эмас, беморни ўзи шифокорга ёрдам бериши керак, яъни умрининг охиригача ҳар куни ўзидаги бор куч-қувват билан соғлом ҳаёт тарзига амал қилиб, ўрганиб бориб яшагандагина ҳар қандай касалликни енгиши мумкин.

Ўктам НУРУЛЛАЕВ,

олий тоифали шифокор.