Кечиримнинг баракаси
Ака-ука орасида гап қочди. Ҳаммаси арзимаган бир сабабдан бошланганди, аммо ораларидаги араз бир ойга чўзилиб кетди. Охири ука чидолмади. Жигарини қаттиқ соғинди. Истамаса-да, ўша ёмон хотира яна ёдига тушди...
— Хотинингни тарбиялаб ол, эркакмисан ўзи?! — деб ўдағайлади Қобил.
Аслида эса акасининг ўзи янгаси чизган чизиқдан чиқолмайдиганлардан эди.
— Қўйинг, ака, аёлларнинг ишига аралашмайлик, — деди у ҳам овозини баландлатиб.
— Сен ҳали ўзингни эркакман деб юрибсанми?!
Қолгани эшитишга ҳам, ёзишга ҳам арзимайди. Невара кўрган одамларга бундай жанжал уят, аслида. Айниқса, ёши олтмишдан ошган кишиларга.
Негадир овсинлар ярашиб кетди-ю, жигарлар гаплашмай қўйди.
Кунларнинг бирида Меҳриддиннинг тоби қочиб қолди. Бу ҳақда акасига хабар қилишди.
— Амаки, дадамни бир бориб кўриб кетасизми? Сизга илҳақ бўлиб ётибдилар, — деди жияни бошини эгиб.
— Мен отангга ҳеч нарса қилганим йўқ. Агар ноҳақ бўлган бўлса, Худо ўзи жазолабди! — деди ака совуққина.
Жияни йиғлаб ортга қайтди…
Ука эса ётган жойида тинмай ўйларди:
“Акамдан кечирим сўрашим керак…”
Иситмалаб ётар экан, алаҳсираб шивирларди:
— Ака, кечиринг…
— Қобил ака, кечирдизми?..
Бир тонг ўзига келиб уйғонди. Ҳатто бир коса қайноқ сут ҳам ичди. Руҳи енгиллашган, кўнгли тетик эди.
Ўғлини чақирди:
— Мени амакингникига олиб бор!
Аёли кўзларига ёш олди. Ўғли эса шошилиб машинани ўт олдирди, отасини қўлтиқлаб чиқди.
Дарвозани янгаси очди:
— Келинг, келинг, яхшимисиз, Меҳриддин?
Уйга киришди. Қобил меҳмон саломига ўрнидан турмасдан, қўлини узатди.
— Мени кечиринг, ака. Ўша куни сизни қаттиқ хафа қилдим. Кичикдан хато, каттадан узр. Аблаҳлигимни кечиринг, — деди ука бошини эгиб.
— Сенга қилган яхшиликларимни унутдинг. Худо ўзи ҳаммасини кўрсатиб қўйди. Энди ўзингдан кетма! — деди ака.
— Хўп бўлади, ака, тўғри айтасиз.
— Бўпти, чойга қара.
Ўша куни ука тинч ухлади. Туш кўрди. Тушида етмиш минг фаришта унинг ҳақига истиғфор айтаётган эмиш.
— Сизлар кимсиз? — деб сўрабди у.
— Биз Қиёматгача сенинг ҳақингга истиғфор айтишга буюрилган фаришталармиз, — деб жавоб берибди улар.
— Бу мукофот қайси амалим учун? — деб сўрабди яна.
— Ҳақ бўла туриб, кечирим сўраганинг, жанжалдан воз кечганинг учун! — деб жавоб беришибди фаришталар.
Эртаси куни Зубайда барвақт уйғониб кетди. Ҳовлига шошиб тушди. Обдаста тутганча таҳорат олаётган турмуш ўртоғини кўриб, енгил тин олди...
Феруза Салходжаева.