Кенгашлар - мустақил вакиллик органи. Уларга фаолиятни янгича асосда ташкил қилиш имкони берилди
Президентимиз томонидан “Халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун имзоланди.
Қонун жамият ҳаётида қандай аҳамиятга эга? Энди маҳаллий Кенгашлар фаолиятида нима ўзгаради? Вилоят Кенгашида режалар қандай?
Шу ва бошқа саволлар билан халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибияти мудири Шерали ЙЎЛДОШЕВга мурожаат қилдик.
- Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган қонун мазмун-моҳиятига кўра, янги Ўзбекистонни қуриш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди, - дейди Ш.Йўлдошев. - Мазкур қонун билан 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги, 2004 йил 2 декабрда қабул қилинган “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиришлар киритилди.
- Тўғри, аммо қонуннинг аҳамияти нималарда кўринади?
- Қонунчиликка кўра, маҳаллий Кенгашлар алоҳида орган. Бироқ унинг фаолиятини ташкил қилиш учун маҳаллий ҳокимлик кўмагига таяниларди. Табиийки, бу Кенгашнинг ижро органига бўйсунишига сабаб бўларди.
Бошқача айтганда, демократик жамият талабларидан келиб чиқиб, маҳаллий Кенгашларнинг муҳим қарорлар қабул қилиши, маҳаллий давлат органлари фаолиятини назорат қилиши учун уларни ташкилий, техникавий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминловчи бўлинмаларга зарурат бор эди.
Қонунда айни шундай бўлинмани тузиш белгилаб қўйилди. Биргина шу янгиликнинг ўзи Кенгашнинг ўрни ва нуфузини, қисқаси зиммасидаги функция ва вазифаларни тўлақонли амалга оширишида муҳим омил бўлиши шубҳасиз.
- Шерали ака, шу ўринда ўқувчиларни бир савол қизиқтириши табиий. Қонун қабул қилингунга қадар вилоят Кенгашида котибият ташкил қилинганди. Айтинг-чи, котибият ташкил қилиниб, Кенгаш ишида, депутатлар фаолиятида қандайдир ўзгариш бўлдими?
- Тўғри айтдингиз, қонун қабул қилинишидан один бу амалиёт вилоят, Самарқанд шаҳри ва Оқдарё туман Кенгашлари мисолида синовдан ўтказилди. Албатта, айни шу жараёнда қонун лойиҳасига тегишли тузатишлар, қўшимчалар киритилди.
Энди, бевосита саволингизга келсак, котибият ташкил этилгач, аввало депутатлар фаоллиги бирмунча ошди. Негаки, вилоят Кенгашининг сессиялари намунали қилиб, онлайн тарзда ҳам ўтказила бошланди. Табиийки, бу биринчи навбатда депутатларимизни сергаклантирди.
Натижада ҳоким ўринбосарлари, прокуратура, адлия, ички ишлар, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимлари ва бошқа идоралар раҳбарларининг кенгашлар олдида ҳисоботи жонли мулоқотга айланди. Яъни, илгаригидек, “қўл кўтариб” тасдиқлаш амалиёти барҳам топяпти. Энг муҳими, ижро органи раҳбарлари ҳам Кенгаш олдида ҳисобдор эканликларини тўғри маънода ҳис қилиб, англаб етяпти.
- Ҳозир сиз ўтган даврдаги фаолиятимиздан келиб чиқиб қонун лойиҳасига таклифлар киритилди, деяпсиз. Бундан англаш мумкинки, қонун билан Кенгаш котибиятлари бугунги шаклдагидан бошқачароқ бўлиши белгиланган.
- Дарҳақиқат, шундай. Котибият келгусида бугунгидек, маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаштирилади. Фарқли томони шундаки, қонун кучга киргач, у герб ва ўз номи туширилган муҳрига ҳамда бланкаларига эга юридик шахс мақомига эга бўлади.
Котибиятнинг намунавий тузилмаси ва низоми Олий Мажлис Сенатининг Кенгаши томонидан тасдиқланади. Аниқ тузилмаси, низоми, штатлари, унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш миқдори ва моддий-техника таъминоти ҳамда уларни сақлаш харажатларини тегишли халқ депутатлари Кенгаши тасдиқлайди.
Бундан ташқари, котибиятнинг мудири тегишли Кенгаш депутатлари орасидан унинг ваколати муддатига тайинланади. Қолган ходимларнинг меҳнатга оид муносабатлари халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ваколатлари муддатига боғлиқ бўлмайди.
- Бироз кескин туюлиши мумкин, бироқ ҳақли савол деб ўйлайман. Бугунги кунгача вилоят Кенгаши депутатлари ҳали бирор бир масалани тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда атрофлича ўрганиб чиқмади. Сабаблари нимада?
- Аввало қайд этиш лозимки, котибият ташкил этилгандан буён Кенгашнинг ишчи органи – сессиялар илгаригидай ҳисобот учун, хўжакўрсинга ўтказилаётгани йўқ. Доимий комиссиялар ва депутатлик гуруҳлари билан олдиндан маслаҳатлашиб, сессиялар кун тартиби белгилаб олинмоқда. Яъни, энг муҳим масалалар халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сессиясига олиб чиқиляпти.
Умуман, котибият ташкил этилгандан сўнг вилоят Кенгашининг 2020 йил II ярим йиллигига мўлжалланган иш режаси тузиб олинди.
Ҳар душанба маслаҳат кенгаши, халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг доимий комиссия раислари ҳамда Олий Мажлис Сенатига кўмаклашувчи комиссиясига Самарқанд вилоятидан ёрдам берувчи ишчи гуруҳининг қўшма йиғилишларида доимий комиссиялар орқали депутатларимизнинг масалаларини, муаммо ва таклифларини эшитяпмиз. Бу ишчи гуруҳимизнинг қўшма йиғилишига партия гуруҳлари раҳбарларини ҳам таклиф қилиб, уларнинг фикрлари асосида масалаларни сессияларга олиб чиқяпмиз.
Депутатларнинг ҳам фаоли, ўз вазифасини тўғри тушунадиган, халқнинг дардини ўзининг дарди деб биладиганлари кўпчиликни ташкил қилади. Аммо ўзининг кундалик иши билан банд бўлиб, сайланган округидаги муаммолар, масалалар ва таклифлар билан қизиқмайдиган, бунга вақт ажратмайдиган депутатлар мана энди сезилиб қолмоқда.
Бу халқ вакилининг ҳокимлик ва ташкилот, корхона раҳбарлари олдига масала қўйишдаги масъулиятига ҳам боғлиқ, назаримда. Аммо котибият депутатларимиз билан ҳар куни боғланиб, улар амалга ошираётган ишларини мувофиқлаштириб бормоқда.
Дарвоқе, энди вилоят Кенгаши ҳамда унинг депутатлари фаолияти билан ижтимоий тармоқлар, хусусан, samdeputat.uz веб-саҳифамиз орқали ҳам танишиб бориш мумкин.
- Газетамизда Кенгашнинг жорий йил 5 сентябрдаги қарори билан депутатларнинг учта саволга жавоблари берилмоқда. Бу чиқишларда аксарият депутатлар сўровига жавоб ололмаётгани ёки мутлақо қониқарсиз жавоб олаётгани ҳақида баён қилмоқда. Кенгашдаги доимий асосда ишловчи депутат, қолаверса, котибият мудири сифатида айтинг-чи, бу борада қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда.
- Юқорида айтганимдай, энди депутатларнинг муаммоларини, улар фаолиятига тўсиқ бўлаётган масалаларни эшитадиган, ҳал этишга кўмаклашадиган тузилма - котибиятлар ташкил қилинди. Депутатлар билан тегишли бошқарма ва ташкилотлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлайдиган кўприк пайдо бўлди.
Кенгаш котибияти томонидан халқ депутатлари вилоят Кенгашлари депутатларининг ўтган даврда бошқарув органларига юборган 354 та сўровлари таҳлил қилиб чиқилди. Албатта, депутат сўровига бефарқ муносабатда бўлаётган мутасаддилар ҳам борлигига гувоҳ бўлдик. Биз уларга нисбатан ваколатимиз доирасида чора кўриш ҳаракатидамиз.
Бироқ бу масаланинг ечими эмас. Шу боис, биринчи навбатда депутатлик сўровлари кўриб чиқилиши, унда кўтарилган масалалар ҳал этилишини таъминлашга ҳаракат қиляпмиз. Вазифасига совуққон, котибият томонидан мурожаат қилингандан кейин ҳам лоқайд бўладиган раҳбарларнинг ҳисоботи сессияда эшитилади.
- Мазмунли суҳбатингиз учун катта раҳмат!
Ё.МАРҚАЕВ суҳбатлашди.