Китобхонлик кўрик-танловларини катталар ўртасида ҳам ўтказиш керак
Ўқитувчиман. “Ёш китобхон” кўрик-танлови илк марта ўтказилганида қатнашиш учун бир эмас, ўнлаб ўқувчиларим китобдан бош кўтармай қолганди. Шу ташаббус жуда кўп ёшларда китобга меҳрни қайта уйғотди. Тўғри, биз устозлар ўқувчиларимизга китобни тарғиб қиламиз, аммо кўрик-танловлар барчада ҳар доим қизиқиш уйғотади.
Аммо фикримча, катталар ўртасида ҳам бундай кўрик-танловлар керак. Чунки китоб мутолааси тарғиботи фақат ёшлар учун эмас. Ҳар қандай соҳа вакилининг китоб ўқигани ва ўқимагани ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Устачилик, деҳқончилик билан шуғулланадиган, бўш вақтида юзлаб китобларни ўқиб чиққанларни ҳам биламан. Тўғри, ҳар замонда банк ходимлари, ИИБ ходимлари ўртасида китобхонлик тадбирлари ҳақида эшитиб қоламан. Аммо бу тор доирада бўлиб, ўша ташкилотлар ташаббуси билан ўтказилади, холос.
Назаримда, барча учун китобхонлик кўрик-танловлари ташкил этилса ёки бундай танловлар бор бўлса, кенгайтирилса, ажойиб ташаббус бўларди.
Дилфуза Саидова.