Кўбай бобонинг камгап невараси

ТОП-100 таликка кирган олий ўқув юрти талабаси бўлади

Улар билан бир маҳаллада яшаймиз. Самарқанд шаҳрида эмас, вилоят марказидан 100 километр узоқликда жойлашган Қўшработда.

Кўбай бобонинг ёши 80 дан ошган, аммо ҳалиям ўзининг севган касби -стоматологлик билан шуғулланиб келади. Кўбай тиш дўхтирини туманда танимаган одам бўлмаса керак. Тўғри, ёши кексайгач, унинг ишини - яъни у ташкил қилган мўъжазгина клиникани бошқаришни - ўғли ўз зиммасига олган. Аммо замондан ортда қолмасликка ҳаракат қилаётган Кўбай бобо ўғли ва тумандаги бошқа стоматологларга маслаҳатларини бериб келади.

Отахоннинг иши енгиллашгач, невараларининг тарбияси билан алоҳида шуғулланадиган бўлди ва натижа ҳам ёмон эмас. Кўбай бобонинг тарбиясини, дуосини олган суюкли набираси Олимбек яқинда инглиз тилидан халқаро IELTS имтиҳонида қатнашиб, 7,5 бални қўлга киритибди.

Бу хабарни эшитиб, жуда хурсанд бўлдим. Олимбекни болалигидан яхши биламан - жуда камгап эди. Энди ўйланиб қолдим: аслида у билан инглизча гаплашиш керак экан. Чунки бу тилда яхши гапиргани учун ҳам олади-да бундай яхши бални.

Олимбек бундан аввал халқаро SAT (Scholastic Assessment Test) имтиҳонида 1430 балл тўплаганди. Айни пайтда у Қўшработ туманидаги 1-ихтисослаштирилган мактаб-интернати 11-синф ўқувчиси. Бундай натижалар билан муддатидан олдин талаба бўлиш имкониятини қўлга киритди. Олимбекнинг асосий мақсади - дунё рейтингидаги ТОП-100 таликка кирувчи олий таълим муассасаларининг бирида ўқиш.

Тўлқин СИДДИҚОВ.