Коллежларга 2025 нафар, техникумларга 2914 нафар абитуриент ҳужжат топширди

2020-2021 ўқув йилида вилоятда ташкил этилаётган 37 та касб-ҳунар мактабига 54 та касб бўйича 7380 нафар ўқувчиларни қабул қилиш режаси белгиланди. Бугунги кунда касб-ҳунар мактабларига ўқиш истагини билдирган 9046 нафар 9-синф битирувчилари ўқишга қабул қилинди.

Профессионал таълим тизимига асосланган идоравий коллежларда ўқиш 2 йилгача бўлган муддатда ташкил этилади. Ўқиш давомийлиги касблар ва мутахассисликларнинг мураккаблигидан келиб чиқиб белгиланади. Вилоятдаги 15 та (шундан 11 таси педагогика, 2 та тиббиёт, 1 та қурилиш ва 1 та транспорт) идоравий коллежларда kollej.edu.uz платформаси орқали онлайн ҳужжат топширилмоқда.

Вилоятда очилаётган 22 та техникумда камида умумий ўрта маълумотга эга, яъни мактабнинг 11-синфини тамомлаган шахслар 2 йилдан кам бўлмаган муддатда кундузги, кечки ва сиртқи шаклларда, давлат буюртмаси ва тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади.

Техникумларга texnikum.edu.uz платформаси орқали онлайн ҳужжат топширилади. Техникум ва коллежларда қабул 25 августдан 25 сентябрга қадар давом этади.

Техникумлар ва коллежларда имтиҳон ёки тест синовлари ўтказилиши бўйича тартиб ва таклифлар Вазирлар Маҳкамасига киритилган, тез кунларда тасдиқланиши кутилмоқда.

Жорий йилда техникумларга 1341 та грант, 7969 та контракт асосида жами 9310 та квота белгиланган. Бугунги кунда 2914 нафар абитуриент  онлайн тарзда ҳужжат топширди.

Коллежларга 645 та грант, 4740 та контракт асосида ўрин ажратилган. Бугунги кунда 2025 нафар абитуриент рўйхатдан ўтди.

Таълим жараёнлари бошлангач, талабалар грант ёки контракт асосида ўқиши мумкин. Контракт суммаси олий таълим вазирлиги ҳамда молия вазирлиги томонидан белгиланади.

Азизбек НАСИМОВ,

вилоят касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш

ҳудудий бошқарма бошлиғи.