Коммунал тармоқларга уланиш янада соддалаштирилди
Наби БОЙНАЗАРОВ,
Паст Дарғом тумани.
– Дарҳақиқат, юридик ва жисмоний шахсларни электр, газ, иссиқлик ва сув таъминоти ҳамда сув чиқариб ташлаш тармоқларига улаш давлат хизматлари кўрсатиш идоралари орқали амалга оширилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 мартдаги "Муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, 2018 йил 1 апрелдан бошлаб сиз каби истеъмолчилар электр, газ, иссиқлик ва сув таъминоти тармоқларига уланиш учун давлат хизматлари марказларига мурожаат этади ёки ягона интерактив давлат хизматлари порталида давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.
Жумладан, сиз зарур маълумотларни расмийлаштирган ва сўровномага киритгандан сўнг уни ўз электрон рақамли имзонгиз билан тасдиқлайсиз. Электр, газ, иссиқлик ва сув таъминоти тармоқларига уланишда сиздан давлат хизматларини кўрсатиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.
Давлат хизматлари маркази расмийлаштирилган электр, газ ёки сув таъминоти шартномаси тушгандан сўнг бир соат ичида бу ҳақда сизни ахборот-коммуникация тизимлари орқали хабардор қилади. Шундан сўнг ҳужжатларни олиб, мутахассислар иштирокида тармоққа уланиб, фаолиятингизни давом эттирасиз.
Икром МАХСУМОВ,
"Ўздавнефтгазинспекция" вилоят бўлими бош технологи.