Кўникишга кўникманг
... Шарофат момом бир куни хамир қоришдан олдин “Болам, бор, Нурбиби аммангдан озроқ хамиртуруш олиб кел”, деди. Мен "Онажон, хамиртуруш ўзимизда бор-ку, ўтган сафар чит латтага ўраб бергандингиз, ана, саватнинг остида турибди", дедим.
– У хамиртуруш эски бўлди, энди янгилашимиз керак, - деди момом. Мен эса “Хамиртуруш ҳам эскирадими, бир хил турибди-ку”, дедим аммамникига боришга эриниб.
– Ҳа, болам, хамиртуруш ҳам эскиради, ўзимизники эскирди, энди бошқа хамирда ишлатилганидан фойдалансак, нонимиз мазали бўлади, – деди.
Очиғи, оддий аёл – момом айтган ана шу тушунча маънисини ёшим улғайгани сари англаб боряпман.
Кўникма, одат, рефлекс ҳақида маълумот беришнинг ҳожати йўқ. Негаки, бу ҳақда бизда болалар боғчасидан бошлаб ўқитилади. Аммо "Қуш уясида кўрганини қилади" деган ишора фақат полапонларгагина тегишли эмас, чунки кўникмалар фақат оилада шаклланмайди. Инсон улғайган, шахс сифатида шаклланган сари кўникма ва одатлари ҳам унинг ҳаётига кучлироқ таъсир ўтказа бошлайди. Мисол учун, болалигида урушқоқ ёхуд ўжар болалар катта ёшга етганда ўша феъл ёки ҳаракати учун кечирим сўраб, отасидан дакки эшитиб, қутулиб кета олмайди. Демак, ҳаётдаги ҳар бир кўникма ўзгаришга мажбур. Лекин бу осон иш ёки тез бўладиган жараён эмас. Кўникмани ўзгартирадиган катта куч, жасорат керак.
Фикримнинг исботи учун битта ҳаётий мисол келтираман. Аниқроғи, тўй масаласини.
Тўйларимиз қанақа аҳволга келганини айтиб ўтирмай, буни ҳамма билади. Чунки биз миллий қадриятдан бизнесга айланиб улгурган тўй-ҳашамга кўникиб улгурдик. Ҳатто, хорижда ҳам ҳашаматли тўйлар қиляпмиз, бор-йўғимизни, меҳнат қилиб топган маблағимизни бир кунда, бир оқшомда ҳавога совуряпмиз, энг ёмони, ана шу ишимиздан завқланяпмиз. Кутубхона, болалар боғчаси ўрнига ҳар бир кўчада ҳашамдор тўйхона қуришга одатландик. Албатта, фикримни инкор этолмайсиз, чунки бу жараён ҳаммамизнинг кўз ўнгимизда содир бўляпти. Вазият шу даражага етдики, биз "тўйни ихчамроқ қилинг" дейдиган одамни душмандек кўра бошладик.
Ваҳоланки, ҳукумат ҳам, жамоатчилик ҳам тўй-маросимлардаги исрофгарчилик ва дабдабабозликни камайтиришга чорлаяпти, бу юзасидан турли ҳужжатлар қабул қилиняпти. Хўш, нима ўзгаряпти? Ҳеч нарса. Аксинча, бу борада ким ўзари пойгаси авж оляпти. Сабаби - биз кўникмадан воз кеча олмаяпмиз. Ҳатто раҳбарлар, таниқли зиёлилар ҳам бу "анъана"га қўшилиб кетяпти.
Ҳар қандай қонун халқ томонидан унинг савияси, менталитети даражасида қабул қилинади. Айтмоқчиманки, кўникма қонундан устувор. Мисол учун, бировга салом бериш, устозни ҳурмат қилиш шу пайтгача бирорта қонунда белгиланмаган, аммо бизда бу кўникмага айланган. Ҳаёт тажрибаси шуни кўрсатяптики, айрим кўникмалар иштиёқи одамларни гоҳида қонун ва нормаларни ҳам четлаб ўтишга мажбур қиляпти.
Бунга ҳам мисолим йўқ эмас. Ҳозир ерлар аукцион орқали сотиляпти, бироқ маълум майдонни аукционсиз олиб бераман, деган одамлар қўлга тушяпти. Мақсадли кредитлар аниқ манзилга, шахсга йўналтирилган, лекин ОАВда бу кредитлар банк ходимлари томонидан ўзлаштирилгани ҳақида ўқияпмиз.
– Иллатга айланган кўникмаларни синдириш олий таълимда жуда оғир кечяпти, - дейди СамДУ ректори Рустам Холмуродов. – Ўзини аллома санаган айрим олимлар кафедраларнинг "яловбардори"га айланишган, ҳеч ким уларнинг майлисиз илм қила олмайди. Ўз вақтида салоҳиятга эга бўлган битта олим фикри кафедранинг нуқтаи назарига айланган. Айримлари фарзанду қариндошларини ҳам ёнига олган, улар истаган иқтидорни синдиришади. Илмда ҳам, одамгарчиликда ҳам ўртамиён бундай кишилардан воз кечиш пайти келди. Фанда, илмий тадқиқотда энди жой замонавий билимга, рақобатбардош қарашларга эга, дунё олимлари билан беллаша оладиган иқтидорларники бўлиши шарт. Акс ҳолда, биз олий таълимда кескин ўзгариш қила олмаймиз.
Домла айтмоқчики, илм-фанда хамиртурушни янгилаш зарур. Илмий тилда буни фан ва таълим генофондини янгилаш, дейишади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бизда қонунчиликда ва давлат бошқаруви тизимида эски, яроқсиз кўникмалардан воз кечиш учун керакли асослар яратилган. Бинобарин, конвертациянинг очилиши, ҳар бир тадбиркор, ҳатто фермерга ўз маҳсулотини экспорт қилиш ҳуқуқининг берилиши, давлат хизматлари жорий этилиши, “опен бюджет” жараёни, дастур ва лойиҳаларнинг умумхалқ муҳокамалари, аукционлар жуда кўп соҳада нуқтаи назаримизни ўзгартира олди. Ижтимоий тармоқлардаги мурожаат ва сигналларга эътибор ҳам кўплаб салбий кўникмалардан қутулишимизга имкон яратди. Буни нафақат халқимиз ўз ҳаётида сезяпти, ҳатто халқаро миқёсда эътироф этилмоқда.
Жамият учун энг хавфли кўникма бу боқимандалик ва лоқайдлик кайфиятидир. Бундай иллатга кўникиш ҳар бир тақдир учун қимматга тушади.
Омманинг ўзида бундай ҳолатларга қарши нафрат уйғонмагунча уларни бартараф этиш мушкул. Камина Хитой ва Ҳиндистонда аҳолининг меҳнатга муносабатини кўрганимдан сўнг бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилдим. Ишламайдиган, ишлашни истамайдиган инсонга ҳеч ким, ҳатто давлат ҳам ёрдам бермайди. Бунинг устига даромад топмоқчи бўлган одам иш танламайди.
Инсон ҳамиша ҳаракатда бўлмоғи лозим: шуҳратга, обрўга кўникиш ҳам, ожизлик ёки ҳаракатсизликка кўникиш ҳам кишига бир хил зарар етказади.
Хўш, биз ҳозирги кунларда қандай кўникмалардан воз кечишимиз лозим?
Бу саволга жавоб топиш учун сиёсатшунос Қудратулла Рафиқовнинг "Ишонч" газетасида чоп этилган "Шавкат Мирзиёев: Мен умримни шу халққа тикканман!" сарлавҳали мақоласини ўқишни тавсия этаман. Негаки, давлатимиз раҳбари бугунги тараққиётга тўғаноқ бўлаётган жуда кўплаб иллатлар ва кўникмалардан воз кечишда, давр талабига мос фаолият кўрсатишда барчамизга ибрат кўрсатаётир.
Алломаларимиз "Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр қил" ёки "Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё", деб бежиз айтмаган. Дарвоқе, бугун эшигимизни дунёга очганмиз, бизга келишяпти, биз боряпмиз. Ана шу ташрифлар самарасиз кетмаслиги, дунёдан ибрат олишни ўрганишимиз, илғор тажриба ва кўникмаларни ўзлаштиришимиз зарур. Ҳаёт ҳақиқати шуни кўрсатяптики, айнан шу йўлни тутган, турмушга, ишга нуқтаи назарини тўғри шакллантирган давлатлар аҳли бугун тараққиётга юз тутган. Демак, биз ҳам ҳеч кимдан кам эмаслигимизни исботлашимиз мавриди келди.
Фармон ТОШЕВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.