Ўзбекистон тарихининг қайси даврида байроқ кўп марта ўзгартирилган?
Шубҳасиз, Ўзбекистон ССР даврида.
Ўзбекистон ССР байроғи тарихи ҳақиқий саргузашт. Чунончи, 1925-1952 йиллар оралиғида байроқ саккиз марта алмашган.
1925-1927 йилги байроққа араб ва кирилл ҳарфларида «Ўзбекистон ижтимоий шўро жумҳурияти» сўзлари қисқартма шаклда ёзилган.
1927-1929 йилги қизил байроқда эса «Ўзбекистон ижтимоий шўро жумҳурияти» ёзуви араб хатидаги тожик тилида ҳам туширилган. Чунки бу вақтда Тожикистон АССР Ўзбекистон ССР таркибида эди.
1929 йилда лотин алифбосига ўтилиши муносабати билан байроқдаги ўзбек ва тожик тилидаги номлар лотин алифбосига ўгирилади. Бунда давлат номи «Øзвекистан Ьçтьмаьь Şора Çймҳйрижəти» (Ўзбекистон Ижтимоий Шўро Жумҳурияти) тарзида ёзилади ва унинг бош ҳарфлари қисқартириб олинади.
1929 йил Тожикистон АССР Ўзбекистон таркибидан чиқарилади ва байроқдан тожик тилидаги давлат номи олиб ташланади.
1934 йилда лотин ёзувидаги ўзбек алифбоси яна ислоҳ қилинади ва ундан Ɵ, Й, Ь ҳарфлари чиқарилади. Натижада байроқдаги давлат номининг бош ҳарфлари ҳам ўзгаради. «Ижтимоий» сўзи ҳам «социалистик»ка ўзгартирилади.
1935 йилда ўзбек тилидаги «çумҳурият» сўзи «республика»га алмаштирилади. Оқибатда байроқда «Ç» ҳарфи «Р»га алмашади.
1937 йилдан қизил байроққа «Ўзбекистон ССР» ёзуви икки тилда тўлиқ тушира бошланади.
1940 йилда ўзбек тили кирилл алифбосига ўтказилади ва шу муносабат билан байроқдаги республика номи кирилл ҳарфлари билан ёзилади.
1952 йилда, ниҳоят, 1991 йилгача салкам қирқ йил амалда бўлган ялов қабул қилинади.
СССРда совет республикалари байроқларидаги рангларнинг расмий талқини берилмаган. Лекин байроқдаги кўк ранг осмон ёки Амударё ва Сирдарёни англатиши тахмин қилинган. Оқ чизиқ эса республикада энг кўп етиштирилувчи пахта рамзи экани таъкидланган.
Қизил ранг, ўроқ ва болға, беш қиррали юлдуз – социализм унсурлари сифатида қўшилган.