Конституция ва фуқаролик жамияти
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги самарали ислоҳотлар қаторида фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш, улар фаолиятини ривожлантириш, нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат ва жамият бошқарувидаги иштироки ҳамда мамлакат тараққиётига қўшаётган ҳиссасини кучайтиришга имкон яратди.
Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини шакллантириш ҳозир ва яқин келажакда амалга ошириладиган стратегик дастурларни ишлаб чиқишни шарт қилиб қўяди. Бизнинг жамият ҳаëтининг барча жабҳаларини демократиялаштириш сари қаратилган стратегиямиз изчил, яқин, ўрта, узоқ муддатли аниқ вазифаларни ҳал қилишга йўналтирилган.
Асосий қонунимиздаги мантиқий тизимлаштирилган ҳуқуқий нормалар моҳиятан фуқаролик жамиятининг мазмуни ва асосий тамойилларини, жамоат бирлашмалари ва улар фаолиятининг кафолатларини, ҳақиқий демократик жамиятнинг сиёсий-ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий ва маънавий асосларини ҳуқуқий тартибга солишга йўналтирилган.
Фуқаролик жамияти ва демократия узвийдир. Ўзбекистонда бу соҳада амалга оширилган ишлар бутун жаҳоннинг диққат марказида турибди. Чунки давлатимиз минтақада барқарорлик ва иқтисодий ривожланишда энг катта таянчдир. Демократиянинг аввалги мазмуни ҳам ўзгариб бормоқда. Аввал демократия жамият сиëсий тизимининг бир қисми деб қараларди. Энди эса демократия Ўзбекистонда яшовчи барча табақа, гуруҳ ва халқ оммасининг иштирокини таъминлаб, давлат бошқарувининг асосий омилига айланди. Жамиятнинг ижтимоий қатламлари бошқарувчилар ва бошқарувчи бўлиб, кенг халқ оммаси ва барча ижтимоий қатламлар унда фаол иштирок этмоқда. Халқ - давлат ҳокимиятининг манбаига айланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини 2-моддасида шундай дейилади: «Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар».
Зеро, фуқаролик жамиятида ҳар бир фуқаро иқтисодий, сиëсий, ижтимоий ва маданий соҳаларда қатнашиши керак. Иқтисодий имкониятлар ëрдамида ҳар бир фуқаро ўз оиласининг фаровон турмушини таъминлса, сиëсий жиҳатдан давлат ишларини бошқаришда фаол иштирок этади. Эркинлик - фуқаролик жамиятининг муҳим масаласи. Бунинг учун энг аввало, моддий база зарур. Моддий эркинликсиз маънавий эркинликка эришиб бўлмайди. Айниқса, фуқароларнинг шахсий сиëсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари кафолатланиши жоиз. Айни шу нуқтаи назардан Конституциянинг 43-моддасида: «Давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди», деб белгилаб қўйилган.
Фуқаролик жамияти қуриш учун жаҳонда тараққий этган мамлакатларнинг ижтимоий-синфий тузилиш тажрибасини ўрганиш зарур. Ривожланган давлатларда асосан уч синф ташкил топган - бойлар, мулкдорлар, ўрта мулкдорлар ва камбағаллар. Ўзбекистонда ҳам мустақил-ликка эришилгандан сўнг мулк давлат тасарруфидан чиқарилиб, хусусийлаш-тирилиб (чет эл компаниялари билан бирга қўшма корхоналар қурилиб) мулкдорлар синфи пайдо бўла бошлади. Ишбилармон ва тадбиркорларга кенг йўл очилди. Давлат уларга барча зарур имкониятларни яратиб берди ва бермоқда. Чунки, тажриба шуни кўрсатмоқдаки, мулкдорлар синфи қанча кўпайса иқтисодий соҳада ўсиш шунча тезлашади ва фуқаролар турмуши яхшиланади. Бу мулкдорлар синфи пайдо бўлиши билан уларнинг фуқаролик жамияти шаклланишида мавқеи ҳам кучаяди.
Фуқаролик жамияти ҳуқуқ устувор бўлган, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўлиқ таъминланган, фикрлар хилма-хиллиги асосида ривожланадиган, давлат ва жамият бошқарувида фуқароларнинг эркин иштироки таъминланган, иқтисодий асосини хусусий мулк ташкил этадиган эркин фуқаролар макони экан айнан бундай омилларни шаклланиши учун асос бўлган қоидалар Конституциямизнинг бир қатор нормаларида ўз ифодасини топган.
Бугунги кунда Ш.Мирзиёевнинг барча маърузаларида демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамият қуриш мақсадида белгилаб олинган стратегик йўл ва сиëсатнинг устувор йўналиш ва тамойиллари аниқ-равшан ифодалаб берилган.
Биринчидан, мамлакатимиз сиëсий ҳаëтининг барча соҳаларини, давлат ва жамият қурилишини эркинлаштириш керак. Демократиянинг янги механизмини жорий қилиш, фуқароларнинг давлатни бошқаришда ҳуқуқ ва бурчларини мустаҳкамлаш лозим.
Иккинчидан, сиëсий соҳада кўппартиявийликни ривожланитириш зарур. Ҳар бир сиëсий партия муайян ижтимоий қатлам манфаатларини ҳимоя қилиб, фуқаролик жамияти ва давлат ишларини бошқаришда қатнашиши керак.
Учинчидан, фуқаролик жамиятининг мустаҳкам асосларини барпо этиш учун давлат вазифалари нодавлат тузилмалар, жамоат ташкилотлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига босқичма-босқич ўтиб бориши жоиз.
Тўртинчидан, жамиятда фикрлар хилма-хиллиги, турли қарашлар ва уларни эркин ифода этиш, ахборот олиш, давлат ва жамият қурилишининг ўта муҳим масалаларини муҳокама қилиш фаоллиги даркор.
Бешинчидан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишга тааллуқли бўлган давлат жамоат ташкилотлари тизимини такомиллаштириш керак.
Ўзбекистон Республикаси ўзининг мустақил тараққиëт йўлига, бозор иқтисодиëти босқичига дадил ўтиб олди. Энди мақсад - Ўзбекистонда адолатли фуқаролик жамияти қуришдан иборат. Маълумки, демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти ўзаро боғлиқ, бир-бирини тақозо этувчи ижтимоий ҳодисалардир. Фуқаролик жамияти - демократик ҳуқуқий давлат негизида шаклланган очиқ, адолатли жамият бўлиб, унда инсоннинг камоли, ҳуқуқ ва эркинликлари амалга ошиши учун реал шароитлар яратилади, қонунларга, инсоний фазилатларга юксак ҳурмат ҳисси билан қаралади, хусусий ташаббус ва шахснинг бошқа ижодий жиҳатлари юзага чиқиши учун тўла имконият мавжуд бўлади, фуқароларнинг фаровон ҳаëт кечириши таъминланади, жамиятнинг давлат фаолияти устидан оқилона назорати ўрнатилади, давлатнинг жамият ва хусусий шахс ҳаëтига ортиқча аралашуви истисно этилади.
Фуқаролик жамияти - шахснинг камол топиши учун барча шароитларни яратадиган жамият. Бу маконда қонун устувор бўлиб, у инсоннинг ўз-ўзини камол топтиришига монелик қилмайди, аксинча ëрдам беради. Шахс манфаатлари, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўла рўëбга чиқишига кўмаклашади». Бу эса ўз навбатида, фуқароларда юксак онг, ўз бурчини чуқур англаш, ижтимоий ва сиëсий фаоллик, ҳуқуқий хулқ бўлишини тақозо этади.
Конституциямизнинг 2-моддасида қайд этилишича, «Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар». Бу норма ҳақиқий маънодаги демократик бошқарувни, халқ ҳокимиятини ўзида намоён этадиган қоида, фуқаролик жамиятининг моҳиятини қисқа ва аниқ тарздаги баёнидир.
Асосий қонунимизнинг 15-моддасида қайд этилишича, «Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар». Албатта, ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этишнинг асосий шарти қонун устуворлиги экан, мамлакатимизда бу масалага давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида эътибор қаратилмоқда.
Фуқаролик жамиятининг яна бир мезони бу фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги фаол иштирокидир. Конституцияда бу масалалар ҳам ўз ифодасини топган бўлиб, унинг 32-моддасига асосан «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш йўли билан амалга оширилади».
Фуқароларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришда бевосита иштирок этиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда сайлов ва референдумларда бевосита қатнашишлари ва ўз овозларини беришларида намоён бўлади. Шундай қилиб, фуқаролик жамияти - ҳақиқий фуқаролардан, яъни узвий боғлиқликда бўлган ҳамда ахлоқий маданиятга таянадиган ҳуқуқий ва сиёсий маданиятга эга одамлардан иборат жамиятдир. Фуқаролик жамияти нафақат давлатнинг мажбурлов кучи билан, балки унинг аъзолари бўлмиш фуқароларнинг ўзлари орқали сақлаб туриладиган ва қатъий қарор топган жамиятдир.
Фуқаролик жамиятига давлатнинг кучли таъсири талаб этилмайди. Зеро, давлат фуқаролар, корхона ва муассасалардан олинадиган солиқлар ҳисобига мавжуд бўлади. Фуқаролик жамияти нафақат сиёсий, маданий ҳаётни, балки иқтисодий, ижтимоий ҳаётни ҳам бошқариб туради.
Фуқаролик жамиятида шахснинг иқтисодий ва сиёсий турмушини эркин, ихтиёрий асосда қуриш таъминланади, умуминсоний ҳуқуқларга алоҳида эътибор берилади, давлат органлари фаолияти юзасидан жамоатчилик назорати ўрнатилади. Вақти келиб кучли давлат функциялари аста-секин тадрижий равишда кучли жамият зиммасига ўтади.
«Кучли давлатдан - кучли фуқаролик жамияти сари» концептуал ғоянинг амалий аҳамияти шундаки, унда мамлакатимизда демократик жараëнларни янада чуқурлаштиришнинг вазифалари ўз ифодасини топган. Улар мустақиллик йилларида бу соҳада амалга оширилган янги ислоҳотлар стратегиясининг узвий бир қисми бўлиб, мамлакатимиз тараққиëтининг бугунги босқичидаги ўзгаришлар заруратини ўзида акс эттиради. Фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқариш, ўз ҳудудларидаги ижтимоий ва хўжалик вазифаларини ҳал этиш, оммавий-маданий тадбирларни ўтказишдаги фаолликлари ҳозиргидан кўра анча кучлироқ бўлади.
Фуқаролик жамиятида ҳар қандай масала қонуний меъёрлар асосида адолатли ҳал этилади. Қонун фуқаролик жамияти ҳаётидаги барча муносабатларни тартибга солиб туради. Демак, фуқаролик жамиятининг негизи, пойдевори – қонун ва қонунийликдир.
Қонуннинг устуворлиги ҳаётнинг барча жабҳаларида ҳуқуқ нормаларининг қатъиян ҳукмронлигини назарда тутади. Қонунларни менсимасликка ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Демократик ҳуқуқий давлат ва маданиятли фуқаролик жамиятида қабул қилинган қонунлар ва ахлоқий меъёрлар бузилса «Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти»га ўтиб бўлмайди. Қонун устуворлиги фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, қадр-қиммати, эркинлиги ва ғурурини ҳимоя қилиш, ижтимоий адолатни ўрнатиш ва мустаҳкамлашга қаратилгандир.
Фуқаролик жамияти шаклланишининг конституциявий-ҳуқуқий асослари эътиборга молик. Эркин, адолатли очиқ фуқаролик жамиятини қарор топтириш Ўзбекистон халқининг улуғвор мақсадларидан биридир. Конституциянинг мазмун ва моҳиятидан шу нарса қатъий аëнки, мамлакатимизда шакллантирилаëтган жамият - демократия ва адолат принипларига таянувчи эркин инсонлар жамияти бўлади.
Фуқаролик жамияти хусусий мулкчиликка кенг йўл берувчи ва унга асосланувчи бозор иқтисодиëти муносабатларига, эркин иқтисодий фаолият таъминланган шарт-шароитга таянади. Айнан хусусий мулкчилик муҳити ва муносабатлари қарор топган жамиятда шахснинг мулкий мустақиллиги, иқтисодий фаолият юритишдаги эркинлиги таъминланади. Худди шу аснода шахс давлат ҳокимиятига нисбатан мустақил мавқени эгаллайди. Давлат хусусий ҳаëт соҳасига, шахс ва ташкилотларнинг қонуний иқтисодий фаолиятига аралашмаслиги лозим.
Ўзбекистонда ислоҳотчи давлатнинг демократик фуқаролик жамиятини шакллантиришдан манфаатдорлик сабаблари қуйидагилардан иборат:
- мамлакатнинг ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиëти сари олға силжиш йўллари ва усуллари хусусида фуқаролар келишувига эришиш тўғрисида норасмий ижтимоий шартнома тузиш ва уни рўëбга чиқаришда ислоҳотчи давлат учун шерик вужудга келтирилади;
- фуқаролик жамияти ўз институтлари орқали шахснинг давлат ишларини бошқаришда иштирок этишини таъминлаган ҳолда, давлатда вакиллик демократиясининг ва мамлакатдаги ижтимоий-сиëсий тизимнинг асоси ҳисобланади;
- Ўзбекистон халқи фуқаролик институтлари ва механизмлари, аввало, сайлов тизими орқали ўзининг сиëсий юксалиши ва ҳаëтий муҳим миллий манфаатларини ифодалаш учун барқарор шарт-шароитлар яратмоқда;
- фуқаролик жамияти шахс ва жамият, фуқаро ва давлат, этник ва конфессионал жамоалар, ижтимоий-демографик гуруҳлар ҳаëтий муҳим манфаатларининг ўзаро мақбул мувозанатидан келиб чиққан ҳолда қурилади;
- демократик жамият фуқароларнинг сиëсий ва ижтимоий фаоллигига асосланган. Ўз навбатида, унинг ўзи турмушнинг барча соҳаларидаги ислоҳотлар жараëнида бундай фаолликнинг ўсиб боришини изчил рағбатлантириб боради ва давлатнинг бюрократлашуви, унинг институтлари фуқароларнинг ҳаëтий муҳим манфаатларидан узилиб қолиши хавфига қарши туради.
Фуқароларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқи эса олий ва маҳаллий вакиллик органларига сайлайдиган ўз вакиллари орқали давлат ва жамият ишларини бошқаришда қатнашишларини ифодалайди. Мамлакатимизда босқичма-босқич олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ҳам бевосита фуқароларимизнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирокини кафолатлашга қаратилган. Хусусан, 2007 йилда қабул қилинган «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Конституциявий қонун ҳам фуқароларимизни сиёсий партиялар орқали жамият ва давлат ишларида фаол иштирок этишларини мустаҳкамлаб берди. Конституциямизнинг 12-моддасига эътибор қаратайлик. Унга асосан «Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади».
Ҳар қандай адолатли, демократик давлатда фуқароларнинг эркин фикрлаш ҳуқуқи кафолатланган бўлади. Инсоннинг эркин фикрлаш, ўз ақл-идроки, қобилияти, олган билимларидан эркин фойдаланиш имкониятига эга бўлиши давлатда шахс ҳақиқий эркинлигининг ёрқин ифодасидир. Албатта, эркин фикрлаш бор жойда фикрлар хилма-хил бўлади ва турли мафкуралар, сиёсий институтлар, ҳаракатлар пайдо бўлиши мумкин. Бу фуқаролик жамиятининг асосий мезонларидан биридир.
Умуман, фуқаролик жамиятининг барча мезонлари асосий қонунимизда ўз аксини топган. Ундаги нормалар асосида ривожланиб бораётган фуқаролик жамияти институтлари давлат ва жамият ҳаётида муҳим рол ўйнамоқда. Фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият ҳаётидаги иштироки, улар томонидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, ҳудудларни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган самарали ишларига ҳам бевосита Конституция ва у асосида қабул қилинган қонунлар ҳуқуқий асос бўлмоқда.
Бобоқул ТОШЕВ,
Юристлар малакасини ошириш маркази кафедра мудири, юридик фанлар доктори.