Коронавирусга чалинган 830 бемордан 10 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков коронавирусга чалинган беморлар ҳақида маълумот берди:
– Мамлакатимизда айни дақиқаларга келиб, коронавирус касаллиги билан 2160 бемор рўйхатга олинган. Беморларнинг 1319 нафари тўлиқ соғайган ва реабилитация марказларига ўтказилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 830 бемордан 10 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир.
Ҳозирги вақтга келиб, 56 мингдан ортиқ фуқаро карантин муддатларини ўтаяпти. Уларнинг 13 мингдан ортиқроғи стационар шароитида, 42 мингдан ортиқроғи уй шароитида карантин тадбирлари билан қамраб олинган. Кеча 7300 дан кўпроқ вирусологик текширишлар ўтказилди. Эпидемик вазият мураккаблашгандан буён 325 мингдан кўпроқ коронавирус касаллигига лаборатория текширувлари ўтказилган.
Карантин тадбирлари давом этяпти. Бир мунча енгилликлар ва имкониятлар пайдо бўлди. Бу – биз карантин тадбирларини бузишга ҳақимиз бор, дегани эмас. Ҳар биримиз масъулият билан ёндашишимиз керак. Ҳар биримизнинг ҳаракатимиз эпидемик вазият барқарорлашуви ёки мураккаблашувида намоён бўлишини унутманг!