Коронавирусни юқтирмасликка қарши қандай курашяпсиз?

Коронавирус пандемияси билан курашишнинг ягона усули карантин эканлиги, одамлар ўз-ўзини изоляция қилиши, барча қоидаларга риоя этиши лозимлиги кўплаб давлатлар тажрибасидан аён бўлди. Бу каби қоидаларга риоя қилмаган давлатлардаги  ҳолат анча ачинарли.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Хитойда аниқланган вирус бугун Антарктидадан бошқа дунёнинг барча ҳудудларида қайд этилмоқда. Барча  мамлакатлар ўзига хос, ўз менталитетидан келиб чиқиб курашмоқда.

Жумладан, Хитойга яқин давлатлардан бири Япониянинг коронавирусга қарши курашишда халқининг тартиб-интизомга қатъий риоя қилиши қўл келди. Японлар аслида бир-бири билан масофа сақлаб гаплашиш ва гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш борасида ўз анъаналарига эга. Бу уларнинг вирусга қарши курашишдаги натижаларини ижобий томонга ўзгартирмоқда.

Корея Республикаси оммавий таъқиқлар билан бирга, аҳолини оммавий тестдан ўтказди. Касаллик аниқланганлар зудлик билан ўз-ўзини изоляция қилиш ҳолатига ўтказилди, кўчага чиқиш ҳолатлари таъқиқланди. Бу касалликни барчага тарқаб кетмасдан олдини олишнинг энг самарали усулларидан бири бўлди.

Нидерландия ҳукумати халқдан узоқ вақт уйда қолишни, масофадан туриб ишлашни, касал бўлган киши уйда даволанишини сўради. Асосий эътибор касаллик билан зарарланганларга қаратилди, мактаблар, музейлар, театрлар, одам кўп тўпланиладиган мажмуалар ёпилди.

Швецарияликлар 70 ёшдан ошганлар билан муомалани чеклаб, иложи борича масофадан ишлаш тартибини жорий қилди. Натижада, метрода ҳар доимгидан одамлар 50 фоизга камайди.

Юртимизда ҳам коронавирус аниқлангач, дунё тажрибасидан келиб чиқиб, барча талаблар жорий этилди. Дастлаб мактабгача таълим, мактаб ва олий таълим даргоҳлари навбатдан ташқари таътилга чиқди. Ташкилотларнинг аксарият ходимлари масофавий ишлашга ўтказилди. Жамоат жойларида тўпланиш, оммавий тадбирлар бекор қилиниб, дорихона ва озиқ-овқат дўконлари, бозорлардан бошқа барча тадбиркорлик субъетлари, театр, дам олиш масканларининг вақтинчалик фаолияти тўхтатилди. Барча ҳаракатлар юртимизда бу касалликнинг кенг авж олиб кетмаслигига қаратилди.

Бу талабларга биз риоя қиляпмизми? Афсуски, куёвнавкар қилган тўй эгасига, жамоат тартибига риоя қилмаган йўловчига, стикерсиз автотранспорт воситасини бошқарган ҳайдовчига қўлланилган жарималар ҳақида эшитяпмиз, кўряпмиз. Аммо шунда ҳам карантин қоидаларига риоя қилмаётган, гўё “коронавирус бизга таъсир қилмайди” дегандек бемалол қўл ушлашиб юрган жуфтликларга, болаларнинг савдо дўконида юришига, чиқинди ташлаётганига, кеч бўлганда фарзандини сайрга чиқарган ота-оналарга дуч келяпмиз.

Коронавирусга чалинган беморлар сўнгги икки кунда кескин ошди. Самарқанд вилоятида ҳам коронавирусга чалинган бемор қайд этилди. Хўш, бу ҳам бизни огоҳликка чақирмайдими? Ахир қўшнингиз ёхуд дўстингиз касаллик тарқатувчи бўлиши мумкин-ку?!

Шундай экан, уйда қолиб, ўзимизнинг, яқинларимизнинг соғлиғини асрашга ўз ҳиссамизни қўшайлик, сизу биз учун туну кун касалликка қарши курашаётганларга мадад бўлайлик!

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунёда коронавирусга қарши курашда 5.9 миллион ҳамшира етишмаслигини маълум қилди. Агар карантин қоидаларига амал қилмасак, юртимизда ҳам пандемия авж олиши мумкин. Оқибатда мамлакатимизда ҳам тиббиёт ходимларининг етишмаслиги кузатилади. Тасаввур қилаяпсизми? Беморларга хизмат кўрсатиш учун тиббий ходим етишмаса, қандай, ачинарли манзара?

Хулоса эса ўзингиздан.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.