Коррупцияга қарши курашда қаттиққўллик керак

Самарқанд вилояти ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Унда сенаторлар, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.

Қўшма мажлисни вилоят ҳокими Э.Турдимов очиб, ҳар бир раҳбар ўз соҳаси ва жамоасидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш чораларини кўриши, олий таълим муассасаси, соғлиқни сақлаш ва бошқа ташкилот раҳбарлари халқ билан мулоқот қилиш йўлини топиши лозимлигини таъкидлади.

Қўшма мажлисда Президентимизнинг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг вилоятдаги ижроси муҳокама этилди.

- Жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупция фактларига доир мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш коррупцияга қарши курашишнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади, - дейди Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Ботир Матмуратов. – Зеро, бу иллатга қарши туриш фақатгина ҳуқуқ-тартибот идораларининг вазифаси эмас, бу барчанинг ишидир. Чунки олдимизда юртимизнинг халқаро нуфузи, мамлакатимизнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш, хорижий инвестицияларни кўпроқ жалб этиш вазифаси турибди. Бунинг учун албатта, порахўрликнинг олдини олиш ва батамом тугатиш лозим.

Қўшма мажлисда вилоятимиздаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан коррупциянинг олдини олиш бўйича олиб борилган ишлар бўйича мутасаддиларнинг ҳисоботлари ҳам тингланди.

- 2019 йил вилоятда 174 та мансаб суиистеъмолчилиги ва порахўрлик жиноятлари содир этилган, - дейди вилоят прокурори Ф.Зуфаров. – Ўтган даврда мактабгача таълим, халқ таълими, ўрта махсус таълим муассасалари, ходимларига нисбатан 60 та жиноят иши қўзғатилган ва қарийб 1 миллиард сўмлик зарар ундирилиб, 86 нафар раҳбар ва ходимга жазо қўлланилган. Таҳлилларга кўра, 2018-2019 йилларда банк, олий ва ўрта махсус, халқ таълими, солиқ, соғлиқни сақлаш тизимлари, адвокатура, айрим ҳуқуқни  муҳофаза қилувчи органлар ва судларнинг мансабдор шахслари томонидан коррупция билан боғлиқ жиноятлар, уларнинг келиб чиқиш сабабларини бирор марта ҳам ўрганмаган ва бу борада бирорта таклиф киритмаган.

Қўшма мажлисда сенаторлар Ҳ.Нормуродов, Ф.Тошев, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қонунийликни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Ш.Жўрақулов, вилоят адлия бошқармаси бошлиғи С.Нуриев, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ш.Раҳмонов вилоятимизда коррупциянинг олдини олиш борасидаги ишлар ҳақида сўз юритиб, бу иллатга лоқайд бўлмаслик кераклигини таъкидлашди.